Инклюзив таълим — инсон қадрининг амалий ифодаси
Бухоро вилояти Когон туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабида йўлга қўйилган инклюзив таълим алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болаларнинг нафақат билим олиши, балки тенгдошлари билан бирга улғайиши, мулоқотга киришиши ва мустақил ҳаёт кўникмаларини эгаллашига хизмат қилмоқда.
Баъзан катта ўзгаришлар оддий кўринган кичик қадамлардан бошланади. Илк бор мустақил бажарилган юмуш, синфдош билан қурилган самимий мулоқот, янги ўзлаштирилган билим ёки ўз имкониятига бўлган ишончнинг ортиши... Булар ким учундир кундалик ҳаётнинг оддий ҳолати бўлиши мумкин. Аммо алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бола ва унинг оиласи учун бундай натижалар катта қувонч, умид ва келажакка ишонч демакдир.
Тумандаги 7-умумий ўрта таълим мактабида йўлга қўйилган инклюзив таълим жараёнига назар ташлар эканмиз, бунинг амалий ифодасини кўрамиз. Бу ерда алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болалар ўз тенгдошлари билан бир синфда билим олиб, жамоага мослашиш, дўстлар орттириш, ўзини намоён этиш ва мустақил ҳаётга тайёрланиш имкониятига эга бўлмоқда.
Зеро, ҳар бир бола таълим олиш, ўз иқтидорини намоён этиш ва орзу-интилишларини рўёбга чиқариш ҳуқуқига эга. Унинг жисмоний ёки руҳий ривожланишидаги ўзига хосликлар бу ҳуқуқни чекламаслиги керак. Муҳими, болага қандай имконият берилгани эмас, балки унинг мавжуд имкониятларини қай даражада ривожлантиришга шароит яратилганидир.
Бугун мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси ва раҳбарлигида инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, имконияти чекланган шахслар учун тенг имкониятлар яратишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Айниқса, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болаларнинг сифатли таълим олиши, жамият ҳаётига интеграциялашуви ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Инклюзив таълимнинг умумтаълим мактабларида босқичма-босқич жорий этилиши ана шу сиёсатнинг муҳим йўналишларидан биридир. Унинг моҳияти фақат болани мактабга жалб қилиш билан чекланмайди. Аксинча, ҳар бир ўқувчининг индивидуал эҳтиёжини инобатга олиш, унга мос таълим муҳитини яратиш, тенгдошлари билан мулоқот қилишини таъминлаш ва жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишни назарда тутади. Бунда оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлиги ҳам муҳим ўрин тутади.

Когон туманидаги “Сорғун” маҳалла фуқаролар йиғинида олиб борилаётган ишлар бу борадаги ёндашувнинг яна бир жиҳатини намоён этади. Бугун маҳаллада 3 561 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 84 нафари ногиронлиги бўлган шахслардир.
Маҳаллада фаолият юритаётган ижтимоий ходим Зулайҳо Нурматова аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ва алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болалар билан манзилли иш олиб бормоқда. Уларнинг муаммоларини ўрганиш, мавжуд ижтимоий хизматларга йўналтириш, таълим олиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур кўмакни ташкил этишга эътибор қаратилмоқда.
Бу жараёндаги энг муҳим вазифалардан бири — боланинг таълим олиш имкониятини кенгайтириш, унинг оиласи ва жамиятдан ажралиб қолмаслигига эришишдир.
Тумандаги 7-умумий ўрта таълим мактабида бугун 4 нафар алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бола инклюзив таълимга жалб этилган. Улар учун яратилган шароит, махсус педагогларнинг индивидуал ёндашуви ва мактабдаги қўллаб-қувватловчи муҳит таълим жараёнида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маҳаллада яшовчи Ҳусния Нурова учун ҳам фарзанди Шахзодабонунинг таълим олиши, тенгдошлари қаторида улғайиши ва кундалик ҳаётда мустақил бўлиб бориши энг катта орзуларидан бири.
Бугун Шахзодабону тумандаги 7-умумий ўрта таълим мактабининг инклюзив синфида таҳсил олмоқда. Унинг янги билим ва кўникмаларни ўзлаштириши, атрофдагилар билан мулоқотга киришиши ва кундалик ҳаётга мослашишида бириктирилган махсус педагогнинг меҳнати, сабр-тоқати ҳамда боланинг индивидуал имкониятларига мос ёндашув муҳим ўрин тутмоқда.
Авваллари кундалик турмушда кўпроқ ёрдамга эҳтиёж сезган Шаҳзодабону бугун кўплаб шахсий эҳтиёжларини мустақил бажаришни ўрганмоқда. Унинг синфдошлари билан мулоқотга киришиши, жамоада ўзини тутиши, атрофдагилар билан муносабат ўрнатиши ва жамоат жойларидаги одоб-ахлоқ қоидаларини ўзлаштириб бораётгани ҳам қувонарли натижалардан. Бу ўзгаришларнинг замирида оиланинг ишончи, педагогнинг машаққатли меҳнати ва болага яратилган имкониятлар мужассам.
Аслида, инклюзив таълимнинг самараси фақат ўзлаштирилган дарслар ёки баҳолар билан ўлчанмайди. Боланинг ўз фикрини ифода этиши, дўстлари билан суҳбатлашиши, жамоада ўзини эркин ҳис қилиши, мустақил ҳаракат қилишга интилиши ҳам таълим натижасининг муҳим кўрсаткичларидир.

Шахзодабону мисолида кузатилаётган ўзгаришлар ҳам шуни англатадики, тўғри ташкил этилган таълим муҳити боланинг нафақат билими, балки шахсий ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Когон туманидаги 7-мактабда таълим олаётган бошқа алоҳида таълим эҳтиёжларига эга ўқувчиларда ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Уларнинг дарслардаги иштироки, тенгдошлари билан мулоқоти ва кундалик ҳаётга мослашишидаги силжишлар индивидуал педагогик ёндашувнинг аҳамиятини кўрсатмоқда.
Бироқ инклюзив таълимнинг ижтимоий аҳамияти фақат алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болаларнинг ривожланиши билан чекланмайди. Бундай муҳитда таҳсил олаётган бошқа ўқувчилар ҳам ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, ҳамдардлик ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш каби муҳим инсоний фазилатларни амалда ўрганадилар. Бу эса келажакда жамиятда ҳар бир инсоннинг қадри ва ҳуқуқларига ҳурмат билан муносабатда бўладиган авлодни тарбиялашга хизмат қилади. Албатта, инклюзив таълимни янада ривожлантириш учун махсус педагоглар салоҳиятини ошириш, таълим муассасаларининг моддий-техник имкониятларини кенгайтириш, индивидуал таълим ёндашувларини такомиллаштириш ва ота-оналар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимдир. Чунки ҳар бир боланинг ривожланиш суръати, эҳтиёжи ва имконияти турлича. Шу боис таълим жараёнида ҳам ягона андоза эмас, боланинг шахсий хусусиятларига мос ёндашув устувор бўлиши лозим.

Когон туманидаги ушбу мактаб тажрибаси бир ҳақиқатни яна бир бор намоён этади: болага имконият берилса, унга ишонч билдирилса ва зарур кўмак кўрсатилса, у ўз салоҳиятини намоён этиш учун дадил қадам ташлайди.
Зеро, жамият тараққиёти фақат иқтисодий кўрсаткичлар ёки бунёдкорлик ишлари билан эмас, балки ундаги ҳар бир инсон учун қандай имкониятлар яратилгани билан ҳам ўлчанади. Бирорта бола эътибордан четда қолмаслиги, ҳар бир фарзанднинг таълим олиш ва ўз келажагини қуриш ҳуқуқи таъминланиши эса инсонпарвар жамиятнинг энг муҳим белгисидир.
Шахзодабонунинг мустақиллик сари ташлаётган қадамлари, синфдошлари билан мулоқотдаги дадиллиги ва янги кўникмаларни эгаллаётгани ана шу эзгу мақсаднинг ҳаётий ифодасидир. Энг муҳими, бугун унга яратилган имкониятлар эртанги куни ўз кучига ишонадиган, жамиятда ўз ўрнини топишга интиладиган инсон бўлиб камол топишига хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири