Инклюзив таълим: барча болалар учун тенг имкониятлар маскани
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни жамиятга интеграция қилиш ва уларнинг сифатли таълим олиши учун зарур шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борадаги ислоҳотлар натижасини Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 29-умумий ўрта таълим мактаби мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Илгари уй таълимида бўлган Умиджон Турдалиев бугун ўз тенгдошлари билан мактаб партасида ўтирибди. Маҳалладаги ижтимоий ходимнинг саъй-ҳаракати билан ушбу даргоҳга жалб этилган ўқувчи ҳозирда инклюзив муҳитда билим олмоқда. Вилоятда бу борада амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳақида тўхталган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси шўъба мудири Озодбек Тоштемиров қуйидагиларни таъкидлади.
– Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар замирида инсон қадрини улуғлаш мақсади мужассам. Хусусан, мазкур мактабда “Ишонч 2030” лойиҳаси доирасида АКТ ва рақамли технологиялар ёрдамида инклюзив таълим натижадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилди. Бу ерда сифатли таълим учун зарур бўлган тўсиқсиз муҳит яратилиб, кўзи ожиз ўқувчилар учун 300 метр масофада махсус тактил йўлаклар барпо этилди. Бинога кириш ва чиқиш жойларида 5 та замонавий пандус қурилиб, ички қисмлар махсус тутқичлар ва плиткалар билан жиҳозланди. Энг муҳими, ташкил этилган инклюзив синфхона 25 та махсус ўқув столи, дам олиш бурчаги ҳамда эшитиш қобилияти заиф болалар учун овоз кучайтиргич мосламалари билан таъминланди.
Ушбу хайрли ишлар замирида халқаро ҳамкорлик ва юксак ижтимоий масъулият ётибди. Маълумки, Ўзбекистон ва Швейцария давлатлари ўртасидаги келишувга асосан ноқонуний ўзлаштирилган активларни халқ манфаатларига йўналтириш доирасида мамлакатимиз бўйлаб 50 та мактаб танлаб олинган эди. Олтиариқдаги ушбу маскан ҳам тўлиқ инклюзивлаштирилгани боис, узоқ вақт уйда таълим олган ва тенгдошларидан ажралиб қолган болаларни умумий таълим жараёнига қайтаришга эришилди.
Бу жараёнда маҳалла ва мактаб ҳамкорлигининг янгича тизими ҳам ўзига хос аҳамият касб этмоқда. Туманнинг “Қизилтепа” маҳалласида яшовчи ижтимоий ходим Мавжуда Юнусованинг маълум қилишича, ҳудуддаги 14 нафар алоҳида эҳтиёжли боланинг 6 нафари аллақачон мактабга жалб этилган. Яқин кунларда яна 3 нафар бола илк бор мактаб остонасига қадам қўяди.
Эътиборлиси, ижтимоий лойиҳалар доирасида саховатпеша инсонларнинг кўмаги ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. Яқинда ҳомийлар томонидан мактабга махсус скутер тақдим этилди. Эндиликда ҳаракатланиши чекланган болалар ҳар куни мазкур транспорт воситасида уйидан мактабга хавфсиз олиб келинади ва дарслардан сўнг яна қайтариб олиб борилади.
Бу каби тизимли ташаббуслар нафақат билим олиш имкониятларини кенгайтиради, балки жамиятимизда инсонпарварлик, тенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ҳар бир боланинг ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун яратилаётган бундай шароитлар инклюзив жамият барпо этиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Муҳаммаджон ОБИДОВ,
ЎзА