Инфратузилмага амалий эътибор
Жиззах вилоятининг Бахмал туманида давлат дастурлари доирасида барпо этилаётган ижтимоий инфратузилма объектларининг қурилиш жараёнлари амалий жиҳатдан ўрганилди. Асосий эътибор аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда тиббиёт инфратузилмасини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган лойиҳаларнинг бажарилиш ҳолатига қаратилди.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Ҳусан Эрматов туманда амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишар экан, аҳолини марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминлашга мўлжалланган иншоотдаги ишлар кўламини кўздан кечирди.

Ўрганишлар чоғида қурилиш-монтаж ишларининг сифати, уларнинг тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги, шунингдек, мазкур иншоот фойдаланишга топширилгач, аҳолини узлуксиз марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Масъуллар билан амалий мулоқотда лойиҳани сифатли ва белгиланган талаблар асосида якунлашга доир масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Ўсмат шаҳарчасида барпо этилаётган туғруқ комплекси қурилиши ҳам батафсил ўрганилди. Объектда бажарилаётган ишлар сифати, қурилишнинг тасдиқланган жадвал асосида олиб борилиши ҳамда ҳар бир босқичда сифат назоратини янада кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Сенаторнинг қурувчилар ва масъуллар билан мулоқоти давомида қурилиш ишларини белгиланган муддатларда, юқори сифат талаблари асосида якунлаш, иш жараёнида юзага келаётган масалаларни тезкор ҳал этиш, ажратилган маблағлардан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда объектларни белгиланган муддатларда фойдаланишга топширишни таъминлаш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири