Инфратузилмадан тиббиётгача: Наманган вилоятининг янги ривожланиш драйверлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни жойларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ҳамда турли соҳаларда амалга оширилаётган лойиҳалар ва жорий қилинган илғор ечимлар билан танишиш мақсадида ташриф билан Наманган вилоятида бўлди.
Президентимизнинг ҳудудларга ташрифи, энг аввало, инсон қадри ва шаънини улуғлаш, элимиз фаровонлиги ва турмуш даражасини янада яхшилаш, шаҳар ва туманларнинг мавжуд ресурс ва имкониятларидан оқилона фойдаланиш орқали иқтисодиёт ҳамда инфратузилмани тубдан ривожлантиришда муҳим ўрин эгаллайди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2025 йил 16-17 сентябрь кунлари Наманганга ташрифи чоғида салмоқли лойиҳалар билан танишиб, вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, тадбиркорлик, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитини юксалтириш борасида долзарб вазифаларни белгилаб берган эди. Ўтган давр мобайнида мазкур топшириқлар асосида олиб борилган амалий ишлар натижасида Наманган кўплаб жабҳаларда ўз ўрнини топди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга бу сафарги ташрифи Наманган халқаро аэропортида барпо этилаётган янги йўловчи терминали қурилишини кўздан кечиришдан бошланди.
Мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Наманган халқаро аэропортини кенгайтириш лойиҳаси ҳам ана шу ислоҳотларнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Мазкур қурилиш ишлари давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 мартдаги “Республика аэропортларини бошқариш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда.
Наманган халқаро аэропорти 1971 йилда фойдаланишга топширилган. 2013 йилдан халқаро мақомда фаолият юритиб келмоқда. Бугунги кунда аэропорт орқали 9 та авиакомпания мунтазам парвозларни амалга оширяпти.
Лойиҳага жами 175 миллион доллар инвестиция жалб қилинган. Режага кўра, 2026 йил якунига қадар замонавий талабларга жавоб берадиган янги йўловчи терминали ишга туширилади. Майдони 22,6 минг квадрат метр бўлган уч қаватли терминал соатига 1,2 минг нафар ва йилига 3 миллион нафардан зиёд йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Бу эса аэропортнинг ҳозирги қувватини бир неча баробар оширади.
Янги терминалда чегара ва божхона назорати пунктлари, виза хизматлари, бизнес-зал, савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари, тиббиёт пункти ҳамда Duty Free ҳудуди ташкил этилади. Натижада 550 та янги иш ўрни яратилади.
2027 йил якунига қадар кунлик қуввати 50 тонна бўлган карго терминали фойдаланишга топширилади. Фарғона водийси учун ягона замонавий карго тизими шакллантирилиб, маҳсулотларни дунёнинг 90 мамлакатига экспорт қилиш имконияти кенгаяди.
Давлатимиз раҳбари қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишиб, аэропорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича қатор кўрсатмалар берди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Тўрақўрғон туманидаги “Наманган қўйчилик кластери” фаолияти билан танишди.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган кенг имкониятлар туфайли амалга ошди.
Умумий қиймати 35 миллион доллар бўлган кластер туман ҳудудидан ажратилган 10 гектар ер майдонида уч босқичда йўлга қўйилади.
Биринчи босқичда хориждан 15 минг бош наслдор қўй олиб келинса, иккинчи босқич якунида чорва сонини яна 35 минг бошга кўпайтириш режа қилинган. Юқори маҳсулдорликка эга бўлган “Арашан”, “Ҳисор” ва “Адельбай” зотларини маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш кўзда тутилган.
Кластерда жорий этилаётган замонавий парвариш технологиялари ва илмий ёндашув орқали гўшт етиштириш ҳажми ҳамда сифатини сезиларли даражада ошириш имконияти мавжуд. Лойиҳанинг технологик кўрсаткичларига кўра, хориждан олиб келинган 40-50 килограмм вазндаги қўйларни уч ой давомида интенсив усулда боқиш орқали уларнинг вазнини 100 килограммгача етказиш режалаштирилган. Бу ҳар бир бош қўйдан 60-70 килограммгача соф гўшт олиш демакдир.
Натижада анъанавий чорвачиликка нисбатан маҳсулдорлик 45-50 фоизга ошади ва лойиҳа тўлиқ қувват билан ишга тушганидан сўнг вилоятда йилига 35-40 минг тонна сифатли гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланади.
Бу ерда 280 та янги доимий иш ўрни яратилиши ҳамда 95 та камбағал оила вакилларининг бандлиги таъминланиши маҳаллий аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, мажмуа негизида замонавий логистика хизматлари, ветеринария ва сервис шохобчалари ҳамда маҳсулотларни тўғридан-тўғри сотишга мўлжалланган савдо нуқталари барпо этилади. Натижада яхлит ва узлуксиз кластер занжири яратилади.
Президентимиз ушбу корхона тажрибаси чорвачилик тармоғини ривожлантириш, ички бозорни сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш ва аҳоли бандлигини оширишда фойдали эканини қайд этиб, уни оммалаштиришга топшириқ берди.
Тўрақўрғон туманида фаолият юритаётган “Уйчи парранда” корхонасида наслли тухум етиштириш, инкубация қилиш ва гўшт ишлаб чиқаришни ўз ичига олган йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида ушбу корхона фаолияти билан ҳам танишди.
Тижорат банкининг 50 миллион долларлик маблағи ҳисобидан 121 гектар майдонда Венгриянинг “Авиаген” компаниясидан келтирилган 60 минг бош наслли товуқлар интенсив усулда парваришланмоқда. Корхонанинг оддий хўжаликлардан бош устуворлиги инкубация жараёнидан бошлаб тайёр гўшт маҳсулотлари етиштиришгача бўлган тўлиқ саноат циклини қамраб олганидадир.
Бу ерда жорий этилган замонавий генетик технологиялар наслчилик йўналишида кунига 60 минг дона юқори сифатли тухум олиш ва инкубаторлар орқали 50 минг бош жўжа очириш имконини бермоқда.
Лойиҳанинг гўшт етиштириш тармоғи ҳам юқори иқтисодий самарадорликка эга. Ҳар бири 100 минг бош паррандага мўлжалланган комплексларда бройлерлар 45-50 кун ичида парваришланиб, бир циклда 120 тонна парранда гўшти олинади.
Ушбу муваффақиятли тажриба асосида келгусида вилоятнинг Мингбулоқ, Наманган, Норин, Поп, Уйчи, Чуст ва Чортоқ туманларида янги паррандачилик комплексларини барпо этиш зарурлиги қайд этилди. Натижада вилоятдаги жами паррандалар сони 12 миллион бошга етиб, лойиҳа доирасида қўшимча 500, кенгайтирилган кооперация тизими орқали эса жами 1 мингта янги иш ўрни яратилади.
“Уйчи парранда” корхонаси томонидан йўлга қўйилган яхлит саноат занжири нафақат Наманган, балки бутун Фарғона водийси бозорларида парранда гўшти ва тухум нархи барқарорлигини таъминлайди. Лойиҳа тўлиқ қувватга чиққач, хорижга экспорт ҳажми ҳам ортади.
Давлатимиз раҳбари шу ернинг ўзида ҳудуднинг уста деҳқонлари, фермер ва тадбиркорлари билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президентимиз Наманган вилоятидаги бўш турган ерлардан унумли фойдаланиш ва Поп туманида ташкил этилган 100 гектарлик суперинтенсив боғ лойиҳасининг тақдимоти билан ҳам танишди.
Қиймати 20,7 миллиард сўм бўлган боғ туманнинг табиати ва тупроқ шароитига мос равишда барпо этилган. Энг муҳими, узоқ йиллар давомида фойдаланилмай ётган, сув билан таъминланишда мураккаб бўш ерлар мана шу лойиҳа сабабли чинакам даромад манбаига айланди.
Боғ ҳудудига жами 66,6 минг туп серҳосил мевали дарахт кўчатлари экилган. Бунда бозор талабидан келиб чиқиб, меваларнинг турига алоҳида эътибор қаратилди. Боғнинг 60 гектар майдонида 40 минг туп ўрик, 25 гектарида 16,6 минг туп шафтоли ва 15 гектарида 10 минг туп гилос дарахтлари парвариш қилинмоқда.
Замонавий суғориш ва парваришлаш усуллари туфайли ҳар бир гектардан ўртача 20 тоннадан сифатли ҳосил олиш кутилмоқда. Мазкур кўрсаткич оддий боғларга қараганда бир неча баробар кўп саналади.
Бу ерда йўлга қўйилган кооперация тизими асосида 300 та эҳтиёжманд оиланинг ҳар бирига 30 сотихдан ер бўлиб берилди. Бундай ёндашув кам таъминланган хонадонларни доимий даромад манбаи билан ҳам таъминлайди.
Шу тариқа Наманган вилоятида бўш турган ерларни иқтисодий айланмага киритиш изчил амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2019-2024 йилларда вилоятда 38 минг 900 гектар майдон қайта фойдаланишга киритилган бўлса, 2025 йилнинг ўзида яна 7 минг 28 гектар ер муомалага қайтарилди. Бу борадаги стратегик ташаббус доирасида 2028 йилга қадар фойдаланишда бўлмаган жами 18 минг гектар ер майдонини босқичма-босқич ўзлаштириш режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Давлатобод туманидаги Янги Наманган шаҳарчаси ҳудудида IT-парк қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари барча ҳудудларда рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жадал ривожлантириш, юқори даромадли иш ўринлари ва замонавий қувватларни кўпайтириш Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланганини таъкидлади.
Айни мақсадга кўра, алоҳида дастур ва қарорлар қабул қилиниб, зарур маблағлар ва масъуллар аниқ белгиланган ҳолда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Қайд этилганидек, биргина Наманган вилоятининг ўзига йил бошидан 2 миллиард долларлик хорижий инвестиция киритилди. Бугун Хитой, Туркия, Ҳиндистон ва Россиялик ҳамкорлар билан барпо этилган 1 миллиард 800 миллион долларлик 20 та янги қувват ишга туширилмоқда.
Улар ҳисобидан фармацевтика, енгил саноат, электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва кимё саноатида 6,5 мингта иш ўрни яратилади, 30 дан зиёд янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Ушбу лойиҳалар орқали вилоят иқтисодиётига 3 триллион 600 миллиард сўмлик айланма, 200 миллион долларлик экспорт ва бюджетга 400 миллиард сўмлик тушум қўшилади.
Шу билан бирга, Наманганда саноат, туризм, савдо комплекслари ва уй-жой қурилишига катта туртки берадиган яна 4 миллиард долларлик 28 та лойиҳага старт берилмоқда.
Президентимиз Наманган вилояти аҳолисининг 1 миллион 600 мингдан ортиғини ёшлар ташкил этиши, бу жуда катта ижтимоий-иқтисодий капитал эканини таъкидлади. Ёшларга ахборот технологиялари, сунъий интеллект каби замонавий билимлар бериб, уларни юқори даромадли касбларга ўргатиш бўйича катта стартап лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Экспертлар Ўзбекистоннинг сунъий интеллект бўйича салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳоламоқда. Ушбу салоҳиятни имкониятга, имкониятни эса аниқ лойиҳа, янги иш ўрни ва юқори қўшилган қийматга айлантириш зарурлиги таъкидланди.
Сўнгги йилларда Нукус, Қарши, Термиз, Урганч ва Фарғона шаҳарларида замонавий IT-парклар ишга туширилди. Ўтган йили октябрда пойтахтимизда IT-парк лойиҳасининг иккинчи босқичи бошланган эди.
Хитойлик ҳамкорлар билан 117 миллион долларлик йирик лойиҳа асосида республиканинг 6 та ҳудуди – Янги Наманган, Самарқанд, Чирчиқ, Нурафшон, Урганч ва Навоий шаҳарларида IT-парклар қурилади. Янги Наманган шаҳрида барпо этиладиган мажмуа ушбу лойиҳанинг илк қалдирғочи бўлади.
Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 26 февралдаги “Мамлакатимизда рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар экспортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Лойиҳага мувофиқ, 1,7 гектар майдонда 17 қаватли замонавий бино барпо этилади. Бино хорижий ҳамкорлар томонидан лойиҳалаш ва қурилишдан тортиб, ички жиҳозлашгача бўлган барча босқичларни қамраб олиш билан бирга, тўлиқ тайёр ҳолда фойдаланишга топширилади.
Майдони қарийб 18 минг квадрат метр бўлган ушбу замонавий мажмуада таълим ва экспорт марказлари, коворкинг ва офис майдонлари, стартап акселератори ҳамда хорижий компаниялар учун махсус хизмат кўрсатиш тизими ташкил этилади.
Бу ерда ўнлаб компаниялар ва стартап студиялар ягона ахборот технологиялари экотизими сифатида фаолият юритади. Мажмуада наманганлик 2 мингга яқин ёшлар учун юқори даромадли иш ўринлари яратилади.
Лойиҳанинг ишга тушиши вилоятда АТ хизматлар йиллик ҳажмини 500 миллиард сўмга, экспортни эса 30 миллион долларга етказишга замин яратади.
Давлатимиз раҳбари лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий ҳамкорларга миннатдорлик билдирди. Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Янги Наманган IT-парки қурилишига тамал тоши қўйди.
Шу ернинг ўзида вилоятдаги янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишига старт бериш маросими бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи доирасида Наманган давлат техника университетининг сунъий интеллект лабораторияси фаолияти билан танишди.
Лабораторияда талабаларнинг амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, сунъий интеллект технологияларини реал лойиҳаларда қўллаш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини ошириш учун зарур шароитлар яратилган.
Унинг таркибида таҳлил, робототехника ва бионика марказлари, стартап-акселератор, 9 та “ақлли” хона, 2 та сунъий интеллект бўйича тайёргарлик хонаси ташкил этилган.
Мазкур марказ сунъий интеллект, робототехника, “ақлли” транспорт, экология ва агротехнологиялар йўналишларида инновацион илмий-амалий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан шуғулланади.
Давлатимиз раҳбари ушбу тажрибани кенгайтириш, муҳим соҳалар ривожига ёшларнинг интеллектуал ва илмий салоҳиятини янада кенг жалб этиш зарурлигини таъкидлади.
Президентимизга вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида фаолият юритаётган сунъий интеллект бўйича маслаҳатчилар томонидан тайёрланган стартап лойиҳалар ҳам тақдимот қилинди.
Давлатимиз раҳбари ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг ғоя ва таклифларини эшитди.
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятининг вазиятлар марказида мутасаддиларнинг ҳудудни ривожлантириш юзасидан ахборотларини тинглади.
Мамлакатимизда ҳудудларни замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, давлат бошқаруви ва хизматлар кўрсатиш тизимини рақамлаштириш, сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Наманганда “ақлли” вазиятлар маркази ташкил этилган бўлиб, унинг мақсади шаҳар ва туманлардаги жараёнларни ягона рақамли тизим орқали таҳлил қилиш, бошқарув қарорларини тезкор қабул қилиш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратишдан иборат.
Норин туманидаги Янги Наманган маҳалласида ташкил этилаётган “Маҳалла ахборот ва хизмат маркази” лойиҳаси тақдимот қилинди.
Мазкур марказ орқали 8 та маҳаллада истиқомат қилувчи 27 минг нафардан ортиқ аҳолига 980 турдаги хизматлар маҳалланинг ўзида, “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилиши режалаштирилган. Бунда ижтимоий ҳимоя, бандлик, профилактика, солиқ, жиноятчилик, таълим ва ҳудуднинг бошқа муҳим кўрсаткичларига оид маълумотлар ягона рақамли тизимга интеграция қилинади.
Профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган тақдимотда эса ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид 18 турдаги жараён рақамлаштирилиб, ходимларнинг планшетларига интеграция этилгани маълум қилинди. Шунингдек, инспекторлар замонавий боди-камералар билан таъминланиб, уларнинг фаолияти вазиятлар маркази билан узвий боғланган.
Шу ерда Президентимизга Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги устувор йўналишлари юзасидан ахборот берилди.
Сўнгги йилларда Наманганда саноат ҳажми 4,6 триллион сўмдан 40 триллион сўмга етгани қайд этилди. Жорий йилда Наманганда ялпи ҳудудий маҳсулотни 9,2 фоиз, саноатни 9 фоиз, хизматларни 17 фоиз, қишлоқ хўжалигини 6,8 фоизга ошириш вазифаси белгиланган. Эндиликда машинасозлик, металлургия, енгил саноат, хизматлар ва янги иқтисодиёт йўналишларини вилоятнинг асосий драйверларига айлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Ҳудудларни ривожлантиришда илмий ёндашувни кучайтириш мақсадида 14 та “ақл маркази” Наманган мисолида янги иш услубига ўтади. Улар туман ва шаҳарларда иқтисодий диагностика ўтказиб, меҳнат унумдорлиги, инвестиция сифати, кооперация, бизнес фаоллик ва қўшимча қиймат занжирлари бўйича янги резервларни аниқлайди.
Мутасаддиларга 1 сентябргача ҳар бир туманнинг саноат салоҳиятини тўлиқ ўрганиб, натижаси бўйича янги дастур ишлаб чиқиш топширилди. “Ақл марказлари” томонидан тайёрланган ҳар бир илмий иш амалиётга жорий қилиниши, ҳудуд ёки тармоқ ривожига хизмат қилиши шартлиги таъкидланди.
Тадбиркорликни ривожлантириш ва бизнес инфратузилмасини яхшилаш учун жорий йилда Наманган вилоятига бюджетдан 4,5 триллион сўм ажратилган. Кичик ва ўрта бизнес учун 6,5 триллион сўм ресурс йўналтирилмоқда.
Вилоятда йил якунига қадар 80 минг аҳолини доимий ишга жойлаштириш, 314 минг нафар фуқаронинг даромадини ошириш, 21 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси қўйилган.
Беш ойда 23,5 минг аҳоли доимий ишли бўлди, 8 мингдан зиёд оила камбағалликдан чиқарилди. Шу билан бирга, айрим туманларда ишсизлик ва камбағаллик кўрсаткичлари юқорилигича қолаётгани танқид қилинди. Мутасаддиларга бандлик, тадбиркорлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича ишлар натижадорлигини ошириш топширилди.
Қишлоқ хўжалигида ҳам янги имкониятлар кўрсатиб ўтилди. Косонсой туманида чорвачиликни ривожлантириш, йил якунигача 4 минг 700 гектар майдонда озуқабоп экинлар етиштириш, қорамол ва қўй-эчки сонини икки карра кўпайтириш вазифаси қўйилди.
Поп туманида адир ерлардан самарали фойдаланиб, саноатлашган органик боғлар ташкил этиш тажрибасини кенгайтириш топширилди. Йил якунигача яна 400 гектар адирда саноатлашган боғ ташкил этилади, бир ой муддатда эса қўшимча 2 минг 800 гектар майдонда амалий ишлар бошланади.
Ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўқитиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Наманганда халқаро стандартларга мос камида 5 та хусусий ўқув-баҳолаш марказини ташкил этиб, шу йилнинг ўзида 20 минг нафар ёшларни ўқитишни бошлаш вазифаси белгиланди.
Мутасаддиларга меҳнат бозоридаги янги талаблардан келиб чиқиб, замонавий касбларга бўлган эҳтиёжни шакллантириш, ўқув-баҳолаш марказлари учун техникумлар биноларидан жой ажратиш, мавжуд техникумларда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини янги ўқув йилигача якунлаш топширилди.
Инвестиция ва экспорт масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилда Наманганга 5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, экспортни 1,2 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида вилоят бўйича 3 миллиард долларлик 43 та келишувга эришилган.
Экспорт салоҳиятини ошириш учун ҳар бир туман ва шаҳар кесимида ишлаш, маҳсулотни ишлаб чиқаришдан тортиб, стандарт, сертификатлаш, қадоқлаш, логистика ва божхона расмийлаштирувигача бўлган жараёнларни қамраб оладиган “Ягона экспорт экотизими”ни Наманган мисолида йўлга қўйиш топширилди.
Жорий йил вилоятда 130 километр ичимлик суви ва 2,5 километр канализация тармоғи тортиш, 9 та янги сув иншоотини қуриш учун 703 миллиард сўм ажратилган. Бу орқали 34 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланади, 25 минг аҳоли канализация тармоғига уланади.
“Пунган – Наманган” автомобиль йўлининг 75 километрини реконструкция қилиш, уни 4 тасмали бетон қопламали йўлга айлантириш, 21 та кўприк ва 22 та пиёдалар ўтиш жойини барпо этиш режалаштирилган.
Жамоат транспортини ривожлантириш мақсадида 1 сентябргача 90 та автобус, 50 та электробус ва 30 та микроавтобус, келгуси йил 1 июлгача яна 105 та электробус олиб келиш топширилди. Шу йилнинг ўзида Наманган шаҳрида канализация тизимини хусусий шериклик асосида реконструкция қилиш бўйича амалий ишлар бошланади.
Соғлиқни сақлаш соҳасида бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг янги моделини Косонсой ва Уйчи туманларида ҳам жорий этиш белгиланди. Шунингдек, инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури октябрь ойидан Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида йўлга қўйилади.
Йиғилишда яширин иқтисодиётни қисқартириш, жиноятчилик профилактикаси ва ёшлар билан манзилли ишлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Бош вазир ўринбосарлари, ҳудудлар раҳбарлари ва бошқа мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.
Давлатимиз раҳбари Наманган вилоятига ташрифи доирасида “Навбаҳор” футбол академиясида ҳам бўлиб, бу ерда ёш футболчилар учун яратилган шарт-шароитлар ва ўқув-машғулот жараёнлари билан танишди.
Наманган вилояти ўзининг бой футбол анъаналари ва иқтидорли футболчилари билан мамлакатимизда алоҳида ўрин тутади. Ёш авлодни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш мақсадида “Навбаҳор” академияси уч йил муддатга дунёнинг етакчи футбол мактабларидан бири саналган Нидерландиянинг “Аякс” футбол академияси бошқарувига берилди.
“Аякс” дунёдаги энг машҳур академия ҳисобланади (1900 йилда ташкил этилган) ва ўз тарбияланувчиларини Европанинг машҳур клубларига ўтказиш орқали ҳар йили ўртача 50-70 миллион евро даромад олади.
Келишувга асосан, клублар ўртасида қўшма ўсмирлар футбол академияси ташкил этилиб, ўзбекистонлик ёш футболчилар ва мураббийларни тайёрлаш бўйича “Аякс”нинг бошқарув модели жорий этилади.
Ҳозирги кунда академияда хорижий мутахассислар, жумладан, мураббий ва скаутлар фаолият юритиб, маҳаллий ёшларни Европа футбол стандартлари асосида тайёрлаш ишларини олиб боряпти.
Президентимиз академия инфратузилмаси, машғулот майдонлари ҳамда тарбияланувчилар учун яратилган имкониятларни кўздан кечирди. Шунингдек, ёш футболчилар ва хорижий мутахассислар билан суҳбатлашиб, уларнинг орзу-интилишлари ва келгуси режалари билан қизиқди.
Учрашув давомида мамлакатимизда футболни янада ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро майдонлардаги иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари академия тарбияланувчилари билан суратга тушди.
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи доирасида анъанавий халқаро гуллар фестивалини кўздан кечирди.
Фестиваль муддати 2018 йилдаги 3 кундан 2025 йилда 40 кунга узайтирилгани натижасида хорижлик сайёҳлар сони 25 мингдан 800 минг нафарга, маҳаллий туристлар эса 6,4 миллион нафарга етди.
Навбатдаги мақсад – 50 дан ортиқ давлатдан 1 миллион нафар хорижий ва 7 миллион нафар маҳаллий туристни жалб этиш, 150 дан зиёд тадбир ўтказиш ҳамда хизматлар ҳажмини 8 триллион сўмга етказиш.
Жорий йил 24 майдан 12 июлга қадар давом этадиган 65-халқаро гуллар фестивали ҳам ўзгача шукуҳ билан ўтмоқда.
Фестиваль “Гиннесснинг рекордлар китоби”га расман киритилди. Унинг доирасида китоб вакиллари бир ой давомида Наманган шаҳри аҳолиси томонидан 29 миллиондан зиёд гул кўчати қўлда экилиши жараёнини кузатди. Натижада жаҳон рекорди қайд этилди.
Наманган шаҳрининг 45 та маҳалласи гулчиликка ихтисослаштирилиб, 16 минг хонадон қамраб олинди, 21 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Ушбу хонадон томорқаларида март-апрель ойларида 4 минг 683 та иссиқхона ташкил этилиб, 120 миллион дона гул кўчати етиштирилди. Одамлар қўшимча 300 миллиард сўм даромадга эга бўлди.
Давлатимиз раҳбари фестиваль доирасида барпо этилган гул композициялари, мавзули майдонлар ва кўргазмаларни кўздан кечирди. Гулчилик билан шуғулланаётган аҳоли, тадбиркорлар, фестиваль иштирокчилари ва меҳмонларни қутлади.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
ЎзА махсус мухбирлари