Индонезия - Ўзбекистон: Спорт соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорлик алоқалари йилдан йилга ривож топмоқда. Айниқса, спорт йўналишида ўзаро тажриба алмашиш учун кейинги йилларда янги имкониятлар вужудга келди.
Бугунги кунда Индонезиянинг миллий спорт тури пенчак силат билан Ўзбекистонда 10 минг нафарга яқин ёшлар шуғулланаётгани, 200 нафардан ортиқ спорт мураббийлари ушбу йўналишда фаолият олиб бораётгани эътиборли.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримов ҳамда Индонезия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сити Руҳаини Жуҳаятин хоним ўртасида ўтказилган учрашувда дўстона муносабатлар, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани эътироф этилди.
Мулоқот давомида халқаро ҳамкорлик алоқаларининг истиқболлари, университетда пенчак силат спорт тури йўналишини ташкил этиш, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, Индонезиянинг етакчи спорт таълим муассасалари қўшма дастурларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Индонезия ва Ўзбекистон спортчилари, мутахассислари иштирокида халқаро ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, спорт дипломатияси орқали икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Т.Рўзиев, ЎзА