Имтиҳонда имконият эмас, билим баҳоланади
Имтиҳон олдидан талабгор учун энг муҳими — саволларга жавоб бериш. Аммо кўзи ожиз ёки заиф кўрувчи инсон учун бунга яна бир тўсиқ — тест топшириқларини кўриш ва компьютердан фойдаланиш билан боғлиқ қийинчиликлар қўшилиши мумкин.
Сирдарёда ташкил этилаётган махсус форматдаги чет тили имтиҳонларида эса бу масала бошқача ҳал этилмоқда. Техник чекловлар эмас, талабгорнинг билими баҳоланмоқда.
Бунинг учун имтиҳонлар махсус компьютер дастури, мослаштирилган тест топшириқлари ва зарур ҳолларда ассистент ёрдамида ўтказилмоқда. Натижада кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқаролар чет тили бўйича билим ва кўникмаларини ўзларига мос шароитда намоён этиш имконига эга бўлишмоқда.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан 2025 йил февраль ойидан жорий этилган мазкур тартиб Сирдарёда ҳам амалиётга татбиқ этилди. Асосий тамойил эса оддий: талабгорга имтиёз эмас, тенг шароит яратиш.

— Бундай имтиҳонларни ташкил этишдан мақсад — талабгорнинг имкониятига қараб ёндашиш эмас, унинг билимини холис баҳолашдир. Кўзи ожиз ёки заиф кўрувчи шахс ҳам ўз билимини бошқа талабгорлар қаторида намоён этиши керак. Шу боис имтиҳон жараёнида техник имкониятлардан фойдаланиш, индивидуал эҳтиёжларни инобатга олиш ва баҳолаш холислигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Сирдарё вилояти бўлими бош мутахассиси Жамшид Мамаражабов.
Имтиҳон компьютер орқали, махсус дастур асосида ўтказилади. Зарур ҳолларда талабгорга ассистент бириктирилади. Бунда у саволларни ўқиш ёки техник жараён билан боғлиқ қийинчиликларга эмас, ўз билимига эътибор қаратади.

Синовда чет тилини тинглаб тушуниш ва гапириш кўникмалари баҳоланади. Тинглаб тушуниш учун 30 дақиқа, гапириш қисми учун 15 дақиқа вақт берилади. Талабгор имтиҳонни қайси қисмдан бошлашни ўзи танлайди.
Яна бир жиҳат — тестдаги саволлар автоматик равишда кейинги топшириққа ўтади. Бу оддий техник ечимдек кўринса-да, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи талабгор учун муҳим қулайлик. Чунки ортиқча ҳаракат ва техник амаллар камайиб, эътибор топшириқни бажаришга қаратилади.
Имтиҳон жараёнининг шаффофлиги ҳам назоратда. Синовлар видеокамера орқали тўлиқ қайд этилади, видеоёзувлар бир йил давомида сақланади. Натижалар имтиҳон якунланганидан кейин бир ҳафта ичида эълон қилинади.

Талабгорлар натижаларини my.gov.uz портали орқали кўришлари ва электрон сертификатларини юклаб олишлари мумкин. Белгиланган талабларни бажарган иштирокчиларга CEFR мезонлари асосида B1, B2 ва C1 даражали сертификатлар берилади.
Муҳими, бу ерда гап имтиҳонни енгиллаштириш ҳақида эмас. Талабгорнинг жисмоний имконияти унинг билимига баҳо бериш мезонига айланмаслиги керак. Шу мақсадда синов муҳити мослаштирилмоқда.
— Махсус форматнинг муҳим натижаси шундаки, талабгорнинг билими имтиҳон жараёнидаги чекловлар билан эмас, унинг ҳақиқий натижаси билан белгиланади. Ҳар бир талабгорнинг эҳтиёжи инобатга олиниб, ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароит яратилмоқда, — дейди Жамшид Мамаражабов.

Сирдарёдаги ушбу амалиёт инклюзив баҳолашнинг моҳиятини ҳам кўрсатади. Яъни ҳаммага бир хил воситани бериш эмас, балки ҳар бир талабгор ўз билимини тўлиқ намоён эта оладиган шароитни яратиш. Шунда имтиҳон натижасига унинг кўриш имконияти эмас, билими жавоб беради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири