Имконияти чекланганларга қувонч улашиб
Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги “Камолот” ёшлар боғида Давлат хавфсизлик хизмати ташаббуси билан имконияти чекланганлар ўртасида ўтказилаётган шахмат бўйича “ДХХ раиси кубоги” турнирининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2022 йил 11 апрелдаги "Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори ижроси доирасида вилоят спортни ривожлантириш ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган “ақл-идрок” турнирида 7 ёшдан 70 ёшгача ногиронлиги бор, кўзи ожизлар жамияти аъзолари, эшитишда нуқсони бўлган 30 нафардан зиёд ҳаваскор шахматчи ғолиблик учун беллашди. Ўйинларни Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан тасдиқланган амалдаги қоидаларига асосан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.

– Ёшлигимдан спортга ошно тутинганман. Аввалига, шарқона яккакураш турлари билан маълум муддат шуғулланганман. Ҳаётимда юз берган синов сабабли амалий спорт турларидан йироқлашишга тўғри келди, – дейди Янгиқўрғон туманида яшовчи 27 ёшли Аъзамжон Ҳакимжонов. – ДХХ ташаббуси билан ўтказилаётган мусобақада биринчи бор қатнашаётганимдан бағоят хурсандман. Негаки, соғайиб кетишга бўлган умидим ошди. Шахмат баҳона эътибор оғушида бўлдим, дўстлар орттирдим.

Очиқ осмон остида қизиқарли ва ҳаяжонли лаҳзаларни туҳфа этган мусобақада эркаклар ўртасида Янги Наманган тумани вакили Ҳабибулло Алиев ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўринни косонсойлик Муҳаммад Ҳамдамов эгаллади. Норинлик Жамолиддин Камолов кучли учликдан жой олди. Аёллар иштирокидаги беллашувларда Поп тумани шахматчиси Сабоҳат Икромалиевага тенг келадиган муносиб рақобатчи топилмади. Уйчилик Муяссар Файзуллаевага шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилди. Учинчи ўрин эса чустлик Маҳбуба Ҳайдаровага насиб этди.

Тантанали тақдирлаш маросимида мусобақанинг ғолиб ва совриндорларига ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари, дипломлар топширилди.
Оқилхон Дадабоев,ЎзА.