Имконияти чекланган эмас, чексиз бўлган истеъдод эгаси
Мотивация!
Юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ёшлар сиёсати билан шуғулланувчи алоҳида тизим шаклланди, масъул давлат органлари ва жамоат тузилмалари фаолияти мувофиқлаштирилди.
Айниқса, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимидаги ислоҳотлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун таълим ва яшаш харажатларини қоплаш, эҳтиёжманд ва иқтидорли ёшларнинг хориждаги нуфузли танловлар ва таълим дастурларида қатнашиш, ўқиш ва сарф-харажатларини қоплаш билан боғлиқ бир қатор давлат даражасидаги қўллаб-қувватлаш тизимлари ва ташаббуслар ўз самарасини бермоқда.
16 ёшли Жўрабек Жўраев Тошкент шаҳридаги имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасасининг 9-синфида ўқийди. У ўқишдан бўш вақтида 6-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида фортепиано мутахассислиги бўйича таҳсил олади.

Жўрабек ўзининг мусиқага бўлган иқтидори туфайли 30 дан ортиқ мусиқий-ижрочилик танловларида қатнашиб, катта муваффақиятларга эришиб келмоқда. Россия, Қозоғистон, Грузия давлатларида бўлиб ўтган халқаро танловларда биринчи ўринни эгаллаган Жўрабек халқаро экспертларнинг ҳам эътиборини ўзига жалб этган. Шу боис, сўнгги йилларда у турли давлатларда бўлиб ўтадиган ёш ижрочилар танловларига таклиф этилмоқда.
Ўтган йилнинг июнь ойида Жўрабекнинг отаси Баҳриддин Гадоев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаеванинг қабулига келиб, мурожаат қилди. Унга кўра, Жўрабек Жўраев 2025 йилнинг ноябрь ойида Грузия давлатида бўлиб ўтадиган ёш ижрочилар халқаро танловида қатнашиш учун таклиф этилган. Аммо оила сафар билан боғлиқ сарф-харажатлар учун маблағ топишда қийинчиликларга дуч келган.
— Жўрабек билан яқиндан танишганимда унинг жуда иқтидорли эканлигига гувоҳ бўлганман, — дейди депутат, профессор, композитор Ойдин Абдуллаева. — Шунинг учун Грузияда бўладиган ёш ижрочилар халқаро танловида унинг юртимиз номидан иштирок этишини ўзим ҳам жуда хоҳлагандим. Аммо оиланинг сафар сарф-харажатлари учун имконияти йўқлигини ҳар томонлама ўрганиб чиққанимдан сўнг Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлигига мурожаат қилдим. Агентлик мутасаддилари билан бўлган суҳбат натижасида Жўрабек Жўраевнинг Грузияда бўлиб ўтадиган халқаро танловда қатнашиши билан боғлиқ сарф-харажатларни қоплаш юзасидан кўмак кўрсатишга келишиб олинди. Орадан бир неча ой ўтиб, Жўрабек Жўраев Грузиянинг Тбилиси шаҳрида бўлиб ўтган ёш ижрочилар халқаро танловида муваффақиятли қатнашиб, биринчи ўринни эгаллади. Ушбу муваффақият, аввало, Жўрабекнинг, қолаверса, ёш йигитнинг ўз салоҳиятини намоён этишига кўмаклашган барча инсонларнинг умумий ютуғи бўлди.

Дарҳақиқат, Грузияда ўтган танлов жараёнини кузатган халқаро экспертлар Жўрабек мисолида Ўзбекистонда имконияти чекланган фуқароларга кўрсатилаётган эътибор, ушбу қатламнинг эҳтиёжларини аниқлаш ва ўз вақтида манзилли ёрдам кўрсатиш юзасидан олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини эътироф этди. Бу эътироф нафақат алоҳида бир ёш йигитнинг муваффақияти, балки мамлакатда инклюзивлик, ижтимоий адолат ва инсон қадрини улуғлаш тамойиллари изчил амалга оширилаётганининг халқаро майдонда тан олинаётганини англатади, — дейди Ойдин Абдуллаева.
Юртимизда Жўрабек сингари аслида имконияти чекланган эмас, балки имкониятлари чексиз бўлган истеъдодли ёшлар талай. Уларнинг иқтидорини юзага чиқаришга кўмак берилаётгани эътиборга молик. Бугун Жўрабекнинг олдида турган режалар катта умид ва ишонч билан боғлиқ. Унинг бугунги ютуқлари келгусидаги улкан муваффақиятлари учун мустаҳкам пойдевор бўлади. Жўрабек бу йил дунёнинг турли давлатларида бўлиб ўтадиган халқаро танловларда қатнашиш учун таклиф этилган. Шунинг учун ҳам у фортепиано ижрочилиги устида тинмай шуғулланмоқда.
Жўрабекнинг келажакда жамиятга янада мувофиқлашиб, мустақил ҳаёт кечиришга қодир бўлиши ва ўзини-ўзи эплай оладиган фуқаро сифатида шаклланишида жамоатчилик томонидан кўрсатилаётган амалий ва маънавий кўмак муҳим аҳамиятга эга. Бундай қўллаб-қувватлаш нафақат Жўрабекнинг шахсий ривожи, балки жамиятда имконияти чекланган шахсларнинг фаол ҳаётга жалб этилиши учун ҳам ибратли намуна бўлиб хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА