Имконият ва қобилият уйғунлиги инсонни улуғлайди
Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳар 7-сонли алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабда таълим жараёни ўқувчиларга билим бериш билангина чекланмаяпти. Бу ерда болаларнинг қизиқиш ва қобилиятини юзага чиқариш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, меҳнат кўникмаларини шакллантириш ҳамда мустақил ҳаётга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Зеро, ҳар бир бола ўз имкониятини намоён этиши учун зарур шароит яратилса, у нафақат билим олади, балки жамиятда ўз ўрнини топишга интилади. Шу жиҳатдан мактабда амалга оширилаётган лойиҳалар ўқувчиларнинг ижтимоий мослашуви ва келажакдаги ҳаётга тайёргарлигида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, инклюзив таълимни ривожлантириш, болаларнинг қизиқиш ва истеъдодини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Skil-Start”, “Logo-Profi”, “Ишонч маскани” каби лойиҳалар доирасида ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда.

Шундай йўналишлардан бири — тикувчилик тўгараги. Унда ўқувчилар мато билан ишлаш, турли буюмлар тайёрлаш, тикувчиликнинг бошланғич сирларини ўрганиш билан бирга, ўз меҳнати маҳсулотларини сотиш орқали даромад топмоқда.
Бу жараённинг аҳамияти шундаки, ҳунар ўқувчи учун шунчаки машғулот эмас, балки ўз кучи ва қобилиятига ишончни мустаҳкамловчи ҳаётий тажрибага айланмоқда. Меҳнат орқали улар масъулият, тиришқоқлик, ижодкорлик ва мустақиллик каби фазилатларни ҳам ўзлаштирмоқда.
– Шу мактабда ўқийман, – дейди Нурдавлат Мавлонов. – Укаларим бор. Оилада мен катта фарзандман. Расмлар чизишга ва либос тикишга қизиқаман. Мактабимизда ташкил этилган тикувчилик тўгарагида чойшаблар тикиб, даромад топяпман. Ота-онам қўлимдан иш келиб қолганини кўриб жуда қувонди. Айниқса, онамнинг қувонч кўз ёшлари мени янада масъулият билан ўқишга ундади. Устозларимга раҳмат айтаман.

Аслида, бундай имкониятларнинг қадри фақат бугунги натижа билан ўлчанмайди. Ўқувчининг қўлига ҳунар бериш, уни меҳнатга ўргатиш ва ўз қобилиятидан даромад олиш имкониятини яратиш — келажакда мустақил ҳаёт кечиришга тайёргарликнинг муҳим қисмидир.
Оҳангарон шаҳридаги ушбу мактаб тажрибаси ҳам таълим, касб-ҳунар ва ижтимоий мослашувни бир-бири билан уйғунлаштириш орқали алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг имкониятларини кенгайтириш мумкинлигини кўрсатмоқда. Энг муҳими, ўқувчилар ўз меҳнати билан натижага эришиш, оиласига қувонч улашиш ва келажакка ишонч билан қарашни ўрганмоқда.
А.Мусаев,ЎзА