Илм-маърифатли, интеллектуал салоҳиятли ёшлар – тараққиёт асоси
Юртимизнинг келажаги бўлган йигит-қизларни ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс, комил инсон этиб тарбиялаш масаласи доимо энг устувор вазифа бўлиб келган. Айниқса, бутун республика бўйлаб кўтаринки кайфиятда ўтказилган «Ёшлар ойлиги» тадбирлари йигит-қизларни бир мақсад атрофида бирлаштирди.
Мазкур тадбирларда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси талабалари ҳам фаол иштирок этди. Академияда «Олтин даврим» шиори остида 2000 дан зиёд талаба-ёшларни бирлаштирган 40 дан ортиқ тадбирлар, хусусан, «Бағрикенглик кубоги», «Ректор кубоги» спорт мусобақалари, «Ёшлар академияси лидерлари», Конфессиялараро мулоқот клубининг навбатдаги съезди, «Қувноқлар ва зукколар», «Тафаккур эгалари», «Мунозара» интеллектуал-китобхонлик ўйинлари, «МУН БМТнинг ўзбек модели» лойиҳаси, «Ислом тарихи билимдони», «Билимдон диншунос» кўрик-танловлари ва бошқа тадбирлар ўтказилди. Аҳамиятлиси, бу каби тадбирларда нафақат Академия талабалари, балки пойтахтимиздаги 20 га яқин олий таълим муассасалари ўғил-қизлари ҳам фаол иштирок этди.

Ёшлар ойлиги доирасида «Радикаллашув ва ёт ғояларга қарши курашиш ҳамда ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш» ўнкунлиги лойиҳаси ўтказилди.
Албатта, бу каби тадбирлар ёшлар ўртасида соғлом диний-маърифий қарашларни шакллантириш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда ахборот маконидаги турли таҳдидларга нисбатан онгли муносабатни қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Шу муносабат билан Академияда «Олтин даврим» шиори остида ўтказилган ёшлар ойлиги якунларига бағишланган маънавий-маърифий байрам тадбири ташкил этилди.

«Олтин даврим» деб номланган маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимиздаги ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан бири эканини алоҳида қайд этди.
Байрам давомида «Олтин даврим» шиори остида ўтказилган талабалар ойлиги доирасидаги танлов ва мусобақалар ғолиблари ҳамда йил давомида ҳар томонлама фаол бўлган талабаларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Талабалар ойлиги давомида спорт мусобақалари бўйича ғолибликни қўлга киритган жамоалар, кўрик-танлов ва мусобақаларда ғолиб бўлган, шунингдек, маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этган талабалар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Расмий тадбирлардан сўнг талабалар ижросида «Мафтунингман» фильмининг театрлаштирилган саҳна кўриниши, миллий куй-қўшиқлар ижро этилди.
Мусиқий ва шеърий чиқишлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Н.Усмонова, ЎзА