Илғор тажрибалар ўрганилди
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари тажриба алмашиш ҳамда ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган самарали лойиҳаларни ўрганиш мақсадида Тошкент вилоятига келди.
Уларнинг дастлабки манзили Янгийўл туманида жойлашган “AGROLAB” лабораторияси бўлди. Меҳмонларга лабораторияда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва тупроқ намуналарини таҳлил қилиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда фермер ва деҳқон хўжаликларига кўрсатилаётган илмий-амалий хизматлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг, Чиноз туманида амалга оширилаётган замонавий қурилиш лойиҳалари билан танишилди. Хусусан, дунёнинг топ 5-ўринда турувчи Австриянинг “ILF Consulting Engineers” компанияси иштирокида кўп қаватли турар жойларда амалга оширилаётган модернизация ишлари тақдим этилди. Лойиҳа доирасида биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш, иссиқлик йўқотилишини камайтириш, замонавий муҳандислик-коммуникация тизимларини жорий этиш ҳамда аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, делегация аъзолари Чиноз туманидаги умумтаълим мактабларида олиб борилаётган модернизация ишлари билан ҳам яқиндан танишди. Таълим муассасасида энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, бино инфратузилмасини янгилаш ва ўқувчилар учун замонавий шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар намойиш этилди. Танишув давомида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган илғор ечимлар, халқаро тажриба асосида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг амалий натижалари ҳамда уларни бошқа ҳудудларда татбиқ этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, меҳмонларга Юқори Чирчиқ туманида жойлашган “Rosen Park” МЧЖ ҳудудида амалга оширилаётган агротуризм лойиҳалари кўрсатилди. Делегацияга туман ҳокими Ускенбай Атемов ҳамроҳлик қилди. Майдони 9 гектарни ташкил этувчи мазкур лойиҳа агротуризм, кўчат етиштириш ва ландшафт дизайни йўналишларини ўзида мужассам этган бўлиб, унинг умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг.
Танишув жараёнида корхонада Италия ва Туркиядан келтириладиган ярим тайёр кўчатлар маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилиши, парваришланиши ва кейинчалик истеъмолчиларга етказиб берилиши ҳақида маълумот берилди. Лойиҳа доирасида йилига қарийб 35 минг туп дарахт ва манзарали кўчатлар етиштирилмоқда. Шу билан бирга, ҳудудда сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш, яшил туризмни ривожлантириш ҳамда замонавий рекреацион масканларни ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Меҳмонлар лойиҳа доирасида яратилган инфратузилма, кўчат етиштириш жараёнлари ва агротуризм йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, ҳудудларда бундай ташаббусларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашишди.
А.Мусаев,ЎзА