Илғор тажриба ўрганилди
Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудудий филиалларининг етакчи мутахассисларидан иборат Ўзбекистон тиббий делегацияси 7–14 август кунлари Таиландда бўлиб, тиббиёт муассасаларини бошқариш, тиббий хизмат сифатини таъминлаш, беморлар хавфсизлиги ва ички аудит тизимини ташкил этиш бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганишди. Делегация таркибида марказнинг Сирдарё вилояти филиали директори Шаҳло Хожаева бошчилигидаги мутахассислар ҳам иштирок этди.
Мазкур ташриф Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ва Samitivej Hospital Group ўртасида имзоланган Англашув меморандуми доирасидаги ҳамкорликнинг амалий давоми бўлди. Унинг асосий мақсади тиббиёт муассасаларини бошқариш, сифатни бошқариш, ички аудит хизматларини ривожлантириш ва беморлар хавфсизлигини таъминлаш борасида ўзаро тажриба алмашишдан иборат.
Ташрифнинг муҳим манзилларидан бири Таиланднинг Чонбури провинциясида жойлашган Samitivej Sriracha Hospital бўлди. Мазкур тиббиёт муассасасида Ўзбекистондан ташриф буюрган “Management & Medical Delegation” учун “Management and Quality in Healthcare Systems Program” дастури доирасида махсус ўқув-семинарлар ва амалий машғулотлар ташкил этилди.

Дастур давомида иштирокчилар Samitivej Hospital тармоғида тиббий бошқарув, беморлар хавфсизлиги ва сифатни таъминлашнинг замонавий механизмлари амалиётга қандай татбиқ этилиши билан яқиндан танишдилар. Хусусан, тиббий хизмат сифатини бошқариш тизимини шакллантириш ва уни узлуксиз такомиллаштириш, клиник бошқарув, хавфларни баҳолаш ва бошқариш, ички аудит хизматининг ўрни ҳамда тиббиёт муассасалари фаолияти самарадорлигини мониторинг қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, делегация аъзолари тиббиёт муассасасида сифат кўрсаткичларини баҳолаш, бемор хавфсизлигини таъминлаш, ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш, фаолият натижаларини мониторинг қилиш ҳамда бошқарув қарорларини маълумотларга асосланган ҳолда қабул қилиш бўйича ёндашувларни ўргандилар.
Дастурнинг яна бир муҳим жиҳати — Samitivej Hospital тармоғининг раҳбарияти, сифатни таъминлаш ва ички аудит бўйича масъул мутахассислар билан бевосита мулоқотлар ташкил этилганидир. Учрашувларда тиббиёт муассасаларида самарали бошқарув тизимини йўлга қўйиш, ходимлар фаолиятини мувофиқлаштириш, сифат кўрсаткичларини таҳлил қилиш, ички назорат механизмларини кучайтириш ва тиббий хизматларни мунтазам такомиллаштириш бўйича амалий тажрибалар муҳокама қилинди.
Таиландлик мутахассислар билан мулоқотлар жараёнида мамлакат тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тиббий хизматларни ташкил этиш, беморларга хизмат кўрсатиш маданияти, замонавий менежмент ёндашувлари ва тиббий муассасаларни узоқ муддатли ривожлантириш стратегиялари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Айниқса, тиббий хизмат сифати фақат клиник натижалар ёки замонавий технологиялар билан эмас, балки самарали бошқарув, малакали кадрлар, бемор хавфсизлиги, ички аудит, жамоавий ҳамкорлик ва хизматларни узлуксиз такомиллаштириш жараёнлари билан узвий боғлиқ эканига эътибор қаратилди.

Ташрифда РИО ва БСИАТМ тизими ҳамда унинг ҳудудий филиалларининг етакчи мутахассислари иштирок этгани ўрганилган тажрибаларнинг республика миқёсида амалиётга татбиқ этилиши учун муҳим аҳамиятга эга. Зеро, турли ҳудудларда фаолият юритаётган мутахассисларнинг биргаликда халқаро тажрибани ўрганиши ягона ёндашувларни шакллантириш, самарали иш услубларини оммалаштириш ва уларни маҳаллий шароитга мослаштириш имконини беради.
Ташриф давомида олинган билим ва амалий кўникмалар келгусида ҳудудларда тиббий хизмат сифатини ошириш, муассасаларда бошқарув ва ички назорат механизмларини такомиллаштириш, беморлар хавфсизлигини таъминлаш, тиббий ходимлар фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда хизматларни халқаро ёндашувлар асосида ривожлантиришда муҳим амалий аҳамият касб этади.

РИО ва БСИАТМ Сирдарё вилояти филиали директори Шаҳло Хожаева ҳам ташрифнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, шундай деди:
— Таиландлик мутахассислар билан яқин мулоқот қилиш, уларнинг тажрибасини бевосита ўрганиш ва фикр алмашиш биз учун жуда фойдали бўлди. Айниқса, тиббий муассасаларни бошқариш, тиббий хизмат сифатини таъминлаш, беморлар хавфсизлиги, ички аудит ва ходимлар фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қимматли маълумотларга эга бўлдик. Samitivej Hospital тармоғида сифатни бошқаришнинг тизимли йўлга қўйилгани, қарорлар қабул қилишда маълумотларга таянилиши ва хизматларни узлуксиз такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиши бизда катта қизиқиш уйғотди. Ўрганилган тажрибаларни Сирдарё вилоятида, хусусан, РИО ва БСИАТМ нинг Сирдарё вилояти филиали фаолиятига мослаштириш ва амалиётга татбиқ этиш тиббий хизмат сифатини янада оширишга хизмат қилади деб ҳисоблайман.

Умуман, Таиландда ташкил этилган мазкур касбий ривожланиш дастури РИО ва БСИАТМ тизими мутахассислари учун хорижий тажрибани шунчаки кузатиш билан чекланиб қолмасдан, унинг амалий механизмларини чуқур ўрганиш, соҳа мутахассислари билан бевосита мулоқот қилиш ва самарали бошқарув ёндашувларини маҳаллий амалиётга мослаштириш имконини берган муҳим тажриба майдони бўлди. Ташриф иштирокчилари ҳам ўрганилган тажрибаларнинг амалий аҳамиятини алоҳида эътироф этиб, улар келгусида тиббий муассасалар фаолиятини такомиллаштиришда муҳим қўлланма бўлишини таъкидладилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири