“Илғор муҳандислик мактаби” миллий танлови ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Илғор муҳандислик мактаби” миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Илғор муҳандислик мактаби” миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
мактаб терма жамоаларини шакллантириш, махсус платформада рўйхатдан ўтказиш;
танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита ҳакамлар ҳайъати, апелляция комиссиясини ташкил этиш, уларнинг вазифа ва функцияларини белгилаш;
танловнинг туман (шаҳар), ҳудудий ва республика босқичларини ўтказиш, танлов ғолибларини аниқлаш ҳамда уларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг совринини топшириш тартиби белгилаб берилган.
Қарорга кўра, танлов ҳар йили 3 босқичда - туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда республика миқёсида мактаблар ўқувчилари ўртасида ташкил этилади.
Унда ҳар бир мактабдан фақат битта терма жамоа иштирок этади, мактаб терма жамоаси 8- 10-синфнинг 5 нафар ўқувчилари ҳамда 1 нафар физика фани ўқитувчисидан иборат таркибда шакллантирилади.
Инновацион технопаркка эга бўлган мактабларда меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларига кўра физика фани ўқитувчисига тенглаштирилган 1 та штат бирлигида лаборант лавозими киритилади.
Икки ой муддатда танловда иштирок этадиган мактабларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда мактаб терма жамоалари ўқитувчи ва ўқувчилари тўғрисидаги маълумотларни (ўқитувчиларнинг малака тоифа сертификатлари, ўқувчиларининг миллий ва халқаро сертификатлари, ўқувчиларнинг физика фанидан маҳаллий ҳамда халқаро олимпиада ва танловларда иштироки) баҳолаш имконини берувчи махсус платформа яратилади.
Қарор билан Муҳандис кадрлар тайёрлайдиган олий ва касбий таълим ташкилотларига бириктириладиган муҳандислик мактаблари рўйхати тасдиқланди. Бириктирилган техникумларга қуйидаги вазифалар юкланади:
муҳандислик бўйича креатив фикрлайдиган ўқувчиларни “Менинг келажакдаги касбим” дастури асосида тадбирларга жалб қилиш;
саноат корхоналарига экскурсияга олиб бориш ва ўқувчиларни ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан таништириш;
касб эгалари билан учрашувлар ташкил этиш орқали уларни муҳандислик соҳасига бўлган қизиқишини ошириш;
ўқувчиларни техникумлардаги мос касб ва мутахассисликлар билан таништириб бориш ва амалий дарсларга жалб этиш.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун давлат умумий ўрта таълим ташкилотлари ўртасида “Илғор муҳандислик мактаби” миллий танловини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда танлов ғолибларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг совринини топшириш тартибини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Илғор муҳандислик мактаби” миллий танлови Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги мактабларнинг 8, 9 ва 10-синф ўқувчилари ўртасида ҳар йили холислик, ошкоралик ва адолат тамойилларига риоя қилинган ҳолда ўтказилади.
Вазирлик ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблар танловга жалб этилмайди.
Вазирлик ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Фан олимпиадалари маркази танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул ишчи орган ҳисобланади.
Танлов уч босқичда - туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда республика босқичларида ўтказилади.
Маълумот учун: олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-278-сон қарорига мувофиқ “Ўзбекистон - илғор муҳандислар мамлакати” ташаббусини амалга ошириш доирасида:
ҳар йили умумий ўрта таълим ташкилотлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Илғор муҳандислик мактаби” миллий танловини ўтказиш;
танловнинг республика босқичи ғолиблари учун хорижий давлатларга таълим саёҳатини ташкил этиш;
танловнинг республика босқичида 1-ўринни эгаллаган мактабга Давлат бюджети ҳисобидан муҳандисликка оид лабораториялар жамланмасини ўз ичига олган инновацион технопарк ташкил этиш учун 1 млрд сўм миқдорида маблағ ажратиш белгиланган эди.
ЎзА