Илғор агротехнологиялар амалиётга жорий этилмоқда
Жиззах вилояти Зомин туманида қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, ер унумдорлигини ошириш ва фермерлар малакасини юксалтиришга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Ана шундай ташаббуслар доирасида туманнинг “Култепа” сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудида жойлашган “Учинчи проект” фермер хўжалигида соҳанинг долзарб масалаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилгани билан алоҳида аҳамият касб этди. Ушбу фармонда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш ҳамда фермер ва деҳқонларнинг билим ва кўникмаларини ошириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Семинар жараёнида ғалла парвариши, агротехник талабларга қатъий риоя этиш, боғ ва ток қатор ораларидан самарали фойдаланиш, сабзавот экинларини жойлаштириш каби масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Шунингдек, дала четларида экилган мевали кўчатларни парваришлаш ва уларни тизимли сақлаш бўйича мутахассислар томонидан аниқ ва амалий тавсиялар берилди.
Айниқса, фермер хўжаликларини кўп тармоқли фаолиятга ўтказиш орқали даромад манбаларини диверсификация қилиш, бозор талабларига мос ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан билдирилган таклифлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Илмий-тадқиқот муассасалари олимлари томонидан ишлаб чиқилган илғор агротехнологиялар, ҳосилдорликни ошириш ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланишга доир тавсиялар амалиётчиларга етказилди.
Тадбирда туман қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассислари, фермерлар кенгаши вакиллари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этиб, ҳудудда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Мавжуд муаммолар очиқ мулоқот асосида муҳокама қилиниб, уларни бартараф этишнинг аниқ механизмлари белгилаб олинди.
[gallery-28819]
Семинар якунида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиб, келгусида амалга ошириладиган агротехник тадбирлар юзасидан аниқ вазифаларни белгиладилар. Бу каби амалий тадбирлар қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, фермерларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА