Икки олийгоҳ лицейларида “Атом синфлари” ташкил этилади
Мамлакатимизда атом энергетикаси соҳаси учун малакали мутахассислар тайёрлашнинг узлуксиз тизими йўлга қўйилмоқда.
“Ўзатом” агентлиги ахборот хизматига кўра, “МИФИ” МТУ Тошкент филиали И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети филиали қошидаги академик лицей ҳамда "Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти" миллий тадқиқот университети қошидаги “International House-Tashkent” академик лицейи билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади.
Ушбу келишувларга мувофиқ, ҳар икки лицейда ихтисослаштирилган “Атом синфлари” ташкил этилади.

Мазкур синфларда ўқувчилар физика, математика ва информатика фанларини чуқур ўрганади, атом энергетикасининг замонавий технологиялари билан танишади ҳамда соҳа мутахассислари иштирокидаги машғулотларда қатнашади.
Шунингдек, ёшлар “МИФИ” МТУ Тошкент филиалига ўқишга кириш учун мақсадли тайёргарлик кўриш имкониятига эга бўлади.
Ташаббуснинг асосий мақсади эса ёшларни мактаб давриданоқ атом энергетикаси соҳасига йўналтириш, келажакда Ўзбекистон атом саноати учун малакали кадрлар тайёрлаш ва узлуксиз таълим тизимини шакллантиришга қаратилган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА