III шахмат паралимпиадасида Ўзбекистон янги рекордни қайд этди
Шу кунларда қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси доирасида III шахмат паралимпиадаси мусобақалари ўтказилмоқда.
Кеча дунё шахмат ишқибозлари эътибор марказида бўлган мусобақанинг тантанали очилиш маросими ҳамда дастлабки тур ўйинлари бўлиб ўтди.
Айтиш лозимки, бу йилги пара шахмат олимпиадасида 31 мамлакатнинг 41 та жамоаси иштирок этмоқда.
Бу, матонат ва ирода тимсоли бўлган пара шахмат олимпиадаси тарихидаги энг кўп жамоа иштирок этаётган олимпиада эканлиги билан аҳамиятлидир.
Боиси, Сербия пойтахти Белградда ташкил этилган биринчи пара шахмат олимпиадасида 26 та, бундан икки йил муқаддам Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ушбу йўналишдаги мусобақада 34 та жамоа иштирок этганига эътибор қаратсак, Самарқанд мусобақалари пара шахмат олимпиадасида янги рекордни қайд этди, дейиш мумкин.

Бевосита мусобақаларга тўхталадиган бўлсак, мусобақанинг илк турида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон пара шахмат жамоалари қуйидаги натижаларни қайд этди.
Матонатли ва салоҳиятли шахматчиларимиз Аҳадхон Кимсанбоев, Марсел Шаюсупов, Сирожиддин Зайниддинов ва Селби Какишовадан иборат Ўзбекистон 1 жамоаси Уганда жамоасини 4:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Ўзбекистон-3 жамоаси Венесуэлага қарши муросасиз баҳсда 2,5:1,5 ҳисобида зафар қучди. Ўзбекистон-2 жамоаси эса мусобақанинг энг кучли терма жамоаларидан бири саналган Ҳиндистон терма жамоасига 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Бугун, 12 сентябрь куни III шахмат паралимпиадасининг 2-турида Аҳадхон Кимсанбоев, Марсел Шаюсупов, Сирожиддин Зайниддинов ва Селби Какишовадан иборат Ўзбекистон-1 терма жамоаси АҚШ пара шахматчилари билан куч синашади.
Шунингдек, мазкур турда Ўзбекистон-2 жамоаси “IPCA” жамоаси билан, Ўзбекистон-3 жамоаси эса Ҳиндистон пара шахматчиларига қарши дона суради.
Эслатиб ўтамиз, 7 та турдан иборат III шахмат паралимпиадаси мусобақалари 17 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА