iDNES: Чехия – Ўзбекистон ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда
Сўнгги йилларда ташқи иқтисодий алоқаларни изчил кенгайтираётган Ўзбекистон Европа давлатлари билан ҳам амалий ҳамкорликни янги мазмун билан бойитишга ҳаракат қилмоқда. Айниқса, саноат кооперацияси, технология алмашинуви ва инвестиция жалб этишга қаратилган ташаббуслар икки ва кўп томонлама муносабатларнинг устувор йўналишларига айланмоқда.
Чехиянинг “iDNES” нашрида эълон қилинган мақолада ушбу мамлакат Бош вазири Андрей Бабишнинг Марказий Осиё бўйлаб сафари доирасида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи алоҳида ёритилган. Мақолада сафар иқтисодий дипломатияни кучайтириш ва янги бозорларни ўзлаштиришга қаратилгани таъкидланган.
Муаллиф қайд этишича, юқори даражали мулозимга саноат ва савдо соҳасида фаолият юритувчи йирик бизнес делегацияси ҳамроҳлик қилган. Хусусан, энергетика, транспорт, машинасозлик каби муҳим тармоқларга ихтисослашган етакчи корхоналар иштироки мазкур тадбирлар икки мамлакат амалий ҳамкорлигини кенгайтиришга хизмат қилиши кутиляпти.
Шунингдек, Чехия томони Ўзбекистонни Марказий Осиёда истиқболли ва сиғими кенг бозор сифатида баҳолаётгани, бу эса экспорт салоҳиятини ошириш ва инвестиция лойиҳаларини илгари суришда муҳим омил эканига урғу берилган.
Умуман, ушбу ташриф нафақат икки давлат ўртасидаги муносабатни фаоллаштириш, балки Европа Иттифоқи билан шерикликни кенгайтиришга қаратилган стратегик ёндашувнинг амалий ифодаси сифатида баҳоланмоқда.
Д.Ҳакимов, ЎзА