Ички ва ташқи туризм янада ривожланади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 19 сентябрь куни мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳада мавжуд камчиликлар айтилиб, уларни ечиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Маълумки, юртимиз буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган бўлиб, туризм ривожида етакчи ўринда туради. Бугунги кунда хорижий сайёҳларнинг юртимизга қизиқиши юқори даражада бўлиб, ўз ўрнида туризмнинг муҳим йўналиши зиёрат туризми, этно туризм соҳаларини янада ривожлантиришни талаб этади.
Йиғилишда қайд этилганидек, туризм драйвер соҳалардан бири сифатида белгиланиб, зарур шароитлар яратилмоқда. Сайёҳларга виза бериш енгиллаштирилди. Аэропортларда навбатлар ва текширишларга барҳам берилди, яшил йўлаклар қилинди. Валюта айирбошлаш бемалол бўлди. Туризм корхоналари учун ижтимоий солиқ ва айланма солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди, ер солиғи ва мол-мулк солиқ ставкалари 90 фоизга камайтирилди. Меҳмон ўринлари сони 2017 йилга нисбатан 3 баробар кўпайиб, 125 мингтага етди. Меҳмонлар электрон рўйхатдан ўтказиладиган бўлди.
Бу йил туризм пандемиядан кейин қайта тикланяпти. Сентябргача юртимизга келган хорижий туристлар сони 2021 йилга нисбатан 3 бараварга кўпайди. Йил бошидан буён туризм экспорти ҳажми 926 миллион доллар бўлди. Биргина вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, ташриф буюрган сайёҳлар сони жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатида 2 миллион 313 мингтани ташкил этмоқда. Шундан хорижий туристлар 363 минг нафарни, маҳаллий сайёҳлар эса 1 миллион 949 минг нафарни ташкил этмоқда. 2022 йилнинг ўтган олти ойи давомида туризм вилоятимиз бюджетига 763 миллиард сўм даромад келтирган.
Йиғилишда шунингдек, туризмда топилган даромаднинг 30 фоизи одамларнинг қўлига иш ҳақи бўлиб бориши, саноатда ва бошқа тармоқларда бу 10 фоиздан ошмаслиги кўрсатиб ўтилди. Туризм соҳасида яратилган битта иш ўрни турдош тармоқларда қўшимча иккита иш ўрни пайдо бўлишига туртки бериши лозимлиги айтиб ўтилди. Шу маънода таъкидлаш ўринли туризм иқтисодиёт ривожи, мамлакат тараққиёти билан бевосита боғлиқ жараён бўлиб, биринчи навбатда аҳоли бандлигини таъминлашда, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, йиғилиш давомида давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил 26 апрель куни ўтказилган йиғилиш ижроси таҳлил қилинди. Вилоятларда сайёҳлар борадиган жойлар камлиги, маблағлар ҳали тадбиркорларга етиб бормагани кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, мамлакатимиз шаҳарлари ўртасида поезд ва самолёт қатновларини кўпайтириш зарурлиги таъкидлангани, ички туризм ривожи ва бунинг учун белгиланган кенг имкониятлар маҳаллий сайёҳлар сонининг кўпайиши ва тарихий улуғворликни ўзида акс эттирган обидаларимизга бўлган юксак эҳтиромнинг ортиши ва бой маданий меросимизни асраб-авайлашга бўлган эътиборнинг ортишида ҳам муҳим ўрин тутади.
Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда ва вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат соҳа вакилларидан балки, ҳар биримиздан фаоллик ва ташаббускорлик талаб этади.
Саломат Луқмонова,
Бухоро давлат университети
педагогик таълим факультети
Бошланғич таълим назарияси кафедраси ўқитувчиси
ЎзА