Ички ишлар вазири шахсий таркибнинг жанговар шайлиги ва хизмат фаолияти самарадорлигини ўрганди
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов Қоровул қўшинларига қарашли 7535-ҳарбий қисм 2-батальони фаолияти, ҳарбий қисмнинг махсус вазифаларни бажарувчи сафарбарлик взводининг жанговар шайлигини ўрганди.
Текширув жараёнида шахсий таркибнинг тайёргарлик даражаси, техник ва тактик имкониятлари, шунингдек, фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракатланиш уқувларига алоҳида эътибор қаратилди.

Аниқланган ҳолатлар таҳлил қилиниб, келгусида жанговар шайлик салоҳиятини янада оширишга қаратилган амалий таклиф ва тавсиялар берилди.
Ўрганиш жараёнида ҳарбий қисм инфратузилмаси, яратилган шарт-шароитлар, ҳарбий қисмга бириктирилган ҳарбий ва махсус техника ҳолати, аскарлар ошхонаси, маънавият ва маърифат маркази ҳамда спорт машғулотлари кўздан кечирилди.

Ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд имкониятларни янада такомиллаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Шу билан бирга, ҳарбий қисмнинг жанговар шайлигини янада мустаҳкамлаш, шахсий таркибнинг касбий тайёргарлигини ошириш ҳамда хизматни ташкил этиш самарадорлигини ошириш мақсадида режадан ташқари тактик-саф машғулотларини ўтказиш зарурати белгиланди.
Ушбу текширувлар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА