Ички ишлар органлари ходимлари ўзаро беллашди (+видео)
Навоий вилояти Ички ишлар бошқармасида китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида “Энг яхши китобхон” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Унда бошқарманинг таркибий ва ҳудудий бўлимларидан жами 14 нафар ходим иштирок этди.
Тадбир аввалида таъкидланганидек, китоб инсон тафаккурини бойитиб, маънавий дунёсини юксалтирувчи, ҳалоллик ва комиллик сари етакловчи бебаҳо хазина. У билан яқин бўлган инсон ана шу хазинанинг эгасидир.

Иштирокчилар “Энг яхши китобхон”, “Билим ва тафаккур” беллашувларида иштирокчилар белгиланган бадиий асарлар бўйича берилган саволларга жавоб қайтариб, тест синови топширди.
Якуний натижаларга кўра, учинчи ўринни Конимех тумани Ички ишлар бўлими Ташкилий бўлинмаси катта инспектори, майор Фурқат Эшмуродов, иккинчи ўринни эса Кармана тумани Ички ишлар бўлими профилактика инспектори, капитан Азимжон Шодиев эгаллаган бўлса, 1-ўринга Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси Ташкилий бошқармаси Юридик таъминлаш гуруҳи катта юрисконсульти, капитан Бунёд Тўймуродовга лойиқ кўрилди.

– Мазкур кўрик-танловда вазирлик томонидан тавсия қилинган адабиётлар бўйича ходимлар ўзаро куч синашди, – дейди танлов ғолиби Бунёд Тўймуродов. – Мазкур кўрик-танловда фахрли биринчи ўринни қўлга киритдим. Келгусида вазирлик босқичидаги кўрик-танлов мусобақасида фахрли ўринни қўлга киритишга ҳаракат қиламан. Бу каби кўрик-танловлар китобхон ходимлар сафини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Танлов сўнгида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири