Ички бозорда иситиш ва совитиш харажатларини камайтирувчи маҳаллий маҳсулотлар улуши ортмоқда
Президент ташрифидан сўнг...
Ёзнинг жазирама, қишнинг эса қаҳратон бўлиши мамлакатимиз иқлимига хос. Мавсумларда уйни совитиш ёки иситиш учун ҳар ой анчагина маблағ кетади. Лекин хонадонда мақбул ҳароратни узоқроқ ушлаб туриш алоҳида масала.
Бу муаммо кўпинча эски усулда қурилган, замонавий иссиқлик изоляциясига эга бўлмаган уйларда кузатилади. Бугун қурилаётган аксарият уйларда янгича ёндашув қўлланилмоқда. Яъни бунёдкорлик лойиҳаларида маҳаллий хомашёдан тайёрланган енгил газоблок ва базальтдан тайёрланган иссиқлик сақловчи плиталардан фойдаланилмоқда. Натижа эса кутилганидан ҳам юқори бўлаётгани қувонарли. Муҳими, қурилиш харажатлари ҳам, келгуси иситиш чиқимлари ҳам кескин камаймоқда.
Бу каби мисоллар биргина кўп қаватли уйнинг кичик бир маиший муаммосига ўхшаб туюлиши мумкин. Аслида-чи?
Масъулларнинг таъкидлашича, бугунги кунда қурилиш соҳасига оддийгина ғишт ётқизиш, девор кўтариш деб қараб бўлмайди. Замонавий архитектура ва қурилиш саноати, энг аввало, энергия самарадорлиги, маҳсулотнинг таннархи ва мустаҳкамлигига таянади. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, хомашёни тайёр маҳсулотга айлантириш занжири тўлиқ маҳаллийлаштирилган ҳудудлардагина қурилиш таннархини сезиларли арзонлаштириш ва сифатни назорат қилиш имкони туғилади.

Қорақалпоғистон ҳудуди ана шундай ўзига хос бой табиий ресурслари ва хомашё захиралари билан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишида алоҳида ажралиб туради. Бу ерда узоқ йиллар давомида ишга солинмай ётган катта имкониятлар мавжуд эди. Ушбу салоҳиятдан унумли фойдаланиш, замонавий технологияларни олиб кириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ҳудудда саноатни мутлақо янги босқичга олиб чиқмоқда.
Давлатимиз раҳбари сентябрь ойида Қорақалпоғистонга амалга оширган ташрифи чоғида Нукус шаҳрида жойлашган “Nukus Insulation Group” ва “Coals KS” каби йирик корхоналар фаолияти билан танишгани бежиз эмас. Бугун ушбу икки гигант лойиҳа мисолида минтақадаги қурилиш саноатининг ютуқлари ва эртанги истиқболли режалари яққол намоён бўлмоқда.
Дунё тажрибасида бино ва иншоотларни тўғри изоляция қилиш келажакдаги энергия сарфини эллик фоизгача камайтириш имконини беради. Шунга мос равишда, Қорақалпоғистоннинг бой тош-кон ресурслари, хусусан, базальт хомашёси асосида замонавий иссиқлик изоляцияси материалларини ишлаб чиқариш соҳада янги саҳифа очди.
Нукус шаҳридаги “Nukus Insulation Group” корхонаси айнан шу мақсадда ташкил этилган. Ушбу лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 9 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди.

– Умумий қиймати 50 миллион долларни ташкил этувчи ушбу саноат мажмуасига Европада ишлаб чиқарилган энг илғор, замонавий ускуналар ўрнатилган, – дейди корхона раҳбари Минажатдин Узакбаев. – Президентимиз ташриф давомида ушбу ишлаб чиқариш жараёнини, хомашёни қайта ишлаш босқичлари ва тайёр маҳсулот хусусиятларини бевосита кўздан кечирди. Ушбу юқори аниқликдаги ускуналар маҳаллий базальт тошидан халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, рақобатбардош иссиқлик изоляцияси материаллари тайёрлаш имконини бермоқда. Корхонамиз йилига 50 минг тонна иссиқлик изоляцияси материаллари ишлаб чиқариш қувватига эга. Энг муҳими, бу ерда 150 та янги доимий иш ўрни яратилиб, ҳудуддаги ёшлар ва мутахассислар иш билан таъминланди.
Шу ўринда базальт асосида тайёрланган изоляция материаллари нимаси билан аҳамиятли эканлиги ҳақида савол туғилиши табиий. Аввало, улар юқори даражадаги ўтга чидамлилиги билан ажралиб туради. Шунингдек, иссиқликни аъло даражада сақлайди ва намликка бардошли. Бундан ташқари, жуда узоқ йиллар давомида ўз хусусиятини йўқотмай хизмат қилади.
Бундай материалларнинг турар жой ва саноат объектларида қўлланилиши биноларнинг энергия самарадорлигини кескин оширади. Қишда иситиш, ёзда эса совитиш харажатларини сезиларли даражада камайтиради.
Қурилишда оғир, анъанавий пишиқ ғиштлардан фойдаланишни камайтириб, енгил ва иссиқликни яхши сақлайдиган материалларга ўтиш бутун дунёда оммалашган тажрибадир. “Coals KS” корхонаси эса айнан ана шу талабга жавоб берадиган замонавий газоблок ва оҳак ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Бу йирик лойиҳанинг умумий қиймати 16,3 миллион долларни ташкил этади. Корхона фаолияти манзил жиҳатидан жуда аниқ ва қулай режалаштирилган. Газоблок ишлаб чиқариш қувватлари учун “Нукус” эркин иқтисодий зонасида 4,8 гектар майдон ажратилган бўлса, маҳсулот учун зарур бўлган оҳак тайёрлаш қувватлари Қораўзак туманидаги 4,8 гектар майдонда жойлаштирилган.

Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати ҳавас қиларли даражада. Йилига 300 минг куб метр газоблок ва 165 минг тонна оҳак тайёрлаш имконияти мавжуд. Бу ички бозорни сифатли ва замонавий қурилиш материаллари билан таъминлаш билан бирга ташқи бозорга чиқиш эшикларини ҳам очади. Ҳозирги кунда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни қўшни Қозоғистон ва Туркманистон давлатларига экспорт қилиш бўйича аниқ режалар тузилган.
Лойиҳанинг энг муҳим ва эътиборга молик томонларидан бири хомашё таъминотидир. Ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилаётган хомашёнинг айнан 96 фоизи маҳаллий манбалардан олинмоқда. Хўш, бу нима беради? Кварц қуми, цемент ва гипс каби асосий компонентлар мамлакатимизнинг ўзидаги корхоналар томонидан етказиб берилмоқда. Натижада валюта тежалади, таннарх кескин пасаяди ва хомашё таъминотида барқарорликка эришилади.
Агар газоблокларнинг техник хусусиятларига тўхталадиган бўлсак, улар оддий пишиқ ғиштга нисбатан 3–4 баробар енгил ҳисобланади. Бу бино пойдеворига тушадиган оғирликни камайтиради ва қурилиш харажатларини сезиларли даражада қисқартиради. Бундан ташқари, газоблок иссиқликни аъло даражада сақлайди ва юқори товуш изоляцияси хусусиятига эга. Жозибадор томони шундаки, бундай қурилиш аҳоли ва тадбиркорлар учун тез, аниқ ва тежамкор ечим тақдим этади.

– Бугунги кунда бу лойиҳа доирасида мен каби 200 нафар маҳаллий аҳоли муқим иш ўрни билан таъминланган, – дейди корхона бош технологи Азизбек Ўрозбоев. – Биз фойдаланаётган технологиялар энг замонавийлари. Бу маҳсулотларимиз сифатини оширади ва ишимизни енгиллатади. Ойликларимиз ва иш шароитимиз бизни қониқтиради. Бу ердагиларнинг кўпчилиги бошқа давлатлардаги қурилиш лойиҳаларида ишлаб келган. Ўша чет элда топаётганимиздан ортиқ даромадга эгамиз. Энг муҳими, оиламиз билан биргамиз.
Мутасаддилар ва инвесторлар фақат шу лойиҳа билан чекланиб қолишгани йўқ. Корхона томонидан ҳозиргача умумий қиймати 200 миллион доллар бўлган 5 та йирик лойиҳа муваффақиятли ишга туширилган. Ҳозирги вақтда эса яна 40 миллион долларлик 4 та янги лойиҳа бўйича қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари ушбу корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнлари ва маҳсулотлар тури билан ҳам яқиндан танишиб, истиқболдаги режаларни атрофлича муҳокама қилган эди. Мақоламиз аввалида тилга олинган ҳаётий эҳтиёжлар эса мана шундай йирик заводларни ишга тушириш талабини қўймоқда. Натижада маҳаллий хомашёга асосланган йирик лойиҳаларнинг ҳаётимизга кириб келиши, кўплаб янги иш ўринлари яратилаётгани қувонарли.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири