Ичимлик сувидан экинларни суғориш мумкинми?
Бугун шаҳар ва аҳоли пунктларида яшил ҳудудларни кенгайтириш, кўчат ва дарахтларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида уларни мунтазам суғориш долзарб масалалардан бирига айланади.
Қишлоқ жойларида экинларни суғориш учун канал, ариқ ва лотоклардан фойдаланиш имконияти мавжуд. Аммо шаҳарларда бундай имконият ҳар доим ҳам бўлавермайди. Шу боис аҳолида “Ичимлик сувидан фойдаланиб, ҳовлидаги дарахт ва экинларни суғориш мумкинми?” деган савол туғилиши табиий.
“Қашқадарё сув таъминоти” АЖ ташаббуси билан ташкил этилган пресс-тур давомида ана шу масалага ҳам ойдинлик киритилди.
– Тегишли қарор ва фармонларга мувофиқ, ҳозирги кунда Қарши шаҳри аҳолисига сутка давомида икки марта ичимлик суви етказиб берилади, – дейди “Қашқадарё сув таъминоти” АЖ раҳбари ўринбосари Рустам Абдуназаров. — Сув тармоққа узатилмаётган вақтда аҳоли ўз ҳовузи, идиши ёки бошқа сиғимларида жамғарган сувдан фойдаланиб, экин ва кўчатларини суғориши мумкин. Бироқ сув тармоққа узатилаётган пайтда экинларни суғоришга йўл қўйилмайди. Чунки бу вақтда сув босимининг пасайишига ва айрим ҳудудларда аҳолига сув етказиб беришда узилишлар юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.
Демак, ичимлик сувидан фойдаланишда асосий талаб тармоқдаги босимга таъсир қилмайдиган тарзда ишлатиш. Аҳоли сув етказиб берилган пайтда уни захира қилиб, кейинчалик ўз эҳтиёжлари, жумладан, кўчат ва экинларни суғориш учун ишлатиши мумкин.
Пресс-тур давомида ОАВ вакилларига 2026 йилнинг биринчи ярмида Қашқадарё вилоятида ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматларини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, келгуси беш йилда амалга ошириладиган лойиҳалар натижасида вилоятда марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 62,4 фоиздан 80 фоизга, оқова сув хизматлари қамровини эса 8,9 фоиздан 19,1 фоизга етказиш режалаштирилган.
Бу кўрсаткичлар нафақат аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, балки замонавий канализация тизимларини ривожлантириш, санитария шароитларини яхшилаш ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда журналистларга вилоятда ичимлик суви таъминоти ва канализация соҳасида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги лойиҳалар ҳамда соҳадаги мавжуд масалалар юзасидан ҳам маълумотлар тақдим этилди.
Пресс-тур якунида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, масъуллардан тегишли жавоблар олди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари