"IAC-2028": Самарқанд жаҳон космик ҳамжамиятини кутиб олишга тайёрланмоқда
Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган 77-Халқаро астронавтика конгресси (IAC-2026) доирасида Ўзбекистоннинг 2028 йилдаги нуфузли халқаро анжуманга тайёргарлиги ҳақида тақдимот ўтказилди.
«Ўзбеккосмос» агентлиги директор ўринбосари Муҳиддин Ибрагимов ўз тақдимотида “IAC-2028” конгрессини Самарқандда юқори савияда ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, ташкилий чора-тадбирлар, халқаро ҳамкорлик ва конгрессни жаҳон космик ҳамжамиятига кенг танитиш режалари ҳақида маълумот берди.

Тақдимотда бўлажак конгресснинг янги визуал қиёфаси, буюк аллома Мирзо Улуғбекнинг бой илмий меросига асосланган рамзий концепцияси ҳамда Самарқандни халқаро космик мулоқот марказларидан бирига айлантиришга қаратилган ташаббуслар алоҳида ўрин эгаллади.

“IAC-2028” нафақат йирик халқаро илмий анжуман, балки Ўзбекистоннинг космик соҳадаги салоҳиятини жаҳонга намоён этиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлаш учун муҳим имконият.
Н.Раҳмонова,
ЎзА