Хусусийлаштиришда очиқлик ва ошкоралик устувор
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилди ва биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди. Хусусийлаштириш – иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириб, мулкдорлар кўпайишига йўл очади. Шу боис, мамлакатимизда сўнгги йилларда қулай инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Тараққий топаётган мамлакатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда хусусий мулк устуворлиги тан олиниши ҳисобига ўн йил ичида 1,2 триллион сўмлик давлат активлари сотилган бўлса, ўтган 2022 йилнинг ўзида бу кўрсаткич 11,3 триллион сўмга етди. Яъни, сўнгги бир йилда ўн йил давомида қилинган ишлардан 10 карра кўп натижага эришилди.
Давлат иштирокидаги корхоналарда очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жадал жорий этиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини янада яхшилаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида охирги уч йилда устав фондида давлат улуши мавжуд 300 га яқин хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари ва 1 600 дан ортиқ кўчмас мулк объектлари хусусийлаштирилди. 650 дан ортиқ корхоналар тугатилиб, 160 таси қайта ташкил этилди. Айни пайтда хусусийлаштиришнинг тармоқлар ҳамда ҳудудлар кесимидаги таҳлили шуни кўрсатдики, бу борадаги ишлар ҳамма жойда ҳам бир маромда кетмаяпти. Ушбу йўналишда эришилган ютуқ ва камчиликлар ҳамда уларнинг ечимига оид ташаббуслар жорий йилнинг 24 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида танқидий-таҳлилий муҳокама қилинган эди.
Давлат мулкини хусусийлаштириш ишларининг ижроси ва бу борадаги режалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш натижасига кўра, Президентимизнинг “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан хусусийлаштириш дастури тасдиқланди. Соҳада эришилаётган ютуқлар, муаммолар билан бир қаторда мулкчиликнинг турли шаклларини ривожлантириш, давлат мулкларини хусусийлаштиришга қаратилган асосий қонун – 1991 йилда қабул қилинган “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунини давр талаблари асосида такомиллаштириш вақти келганди. Боиси амалдаги қонунда давлат мулки объектларини хусусийлаштириш жараёнларини очиқ ва ошкоралик, қонунийлик принциплари асосида амалга ошириш, харидорларнинг оммавий савдоларда иштирок этишлари учун тенг шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари ўз аксини топмаган. Бундан ташқари, қонунда хусусийлаштиришнинг фақатгина 2 та (ким ошди, танлов) услублари назарда тутилгани, давлат активларини электрон-онлайн аукцион савдоларда сотиш ҳақидаги нормалар мавжуд эмаслиги ҳамда хусусийлаштириш соҳасида давлат органлари ваколатларининг чегаралари аниқ белгиланмагани қонуннинг ислоҳотлар талабларига жавоб бермаслигини кўрсатиб қўйди.
Тан олиш керак, бугунги кунда давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларини тўлиқ қамраб оладиган ягона қонун ҳужжати мавжуд эмас. Бу соҳадаги жараёнларни тартибга солиш билан боғлиқ қонуности ҳужжатларининг кўплиги, улар ўртасида зиддиятларнинг мавжудлиги давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларига салоҳиятли, жумладан хорижий инвесторларни жалб этишда қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Ушбу қонун лойиҳаси билан хусусийлаштиришнинг барча босқичлари, хусусийлаштиришнинг принциплари батафсил, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун даражасида мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, амалдаги қонунда белгиланмаган электрон-онлайн аукцион ва биржа, шунингдек, музокараларга оммавий таклиф қилиш, рақобатга асосланган мулоқот асосида сотиш, корхона ва кўчмас мулк объектини бошқа жамиятнинг устав фондига киритиш ва корхоналарни кейинчалик сотиш шарти билан ижарага бериш каби хусусийлаштиришнинг янги 8 та услублари киритиляпти. Хусусийлаштириш соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг ваколатлари аниқ белгиланяпти.
Асосийси, янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниши муносабати билан хусусийлаштирилган мулкнинг дахлсизлигини кафолатлаш белгиланмоқда. Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат активларини замонавий услублар асосида сотиш орқали давлат мулкининг хусусийлаштирилиши жадаллашишига, хусусийлаштириш жараёнларининг очиқ ва ошкоралиги таъминланишига, барча харидорлар учун тенг шароитлар яратилишига, ваколатли давлат органларининг хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатлари қонун доирасида аниқ белгиланишига эришилади.
Жамшид Қосимов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати