Хусусий секторда ишловчи аёллар қамрови сезиларли даражада ошди
Юртимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан проактив шаклда тайинланиши йўлга қўйилди. Энди давлат ва нодавлат сектордаги иш берувчилар ушбу нафақани тўлашдан тўлиқ озод этилди ва барча тўловлар жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорагида ушбу йўналишда муҳим натижалар қайд этилди. Хусусан, 33,3 мингта касаллик варақаси бўйича жами 378,6 миллиард сўм нафақа тўлаб берилди.
Шунингдек, хусусий секторда ишловчи аёллар қамрови сезиларли даражада ошди. Агар 2025 йилнинг шу даврида 2,8 минг нафар аёлга нафақа тўланган бўлса, 2026 йил биринчи чорагида бу кўрсаткич 2 бараварга ошиб, 5,6 минг нафарни ташкил этди.

Нафақа миқдорида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. 2025 йилда бир нафар аёлга ўртача 2,6 миллион сўм тўланган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 6,1 бараварга ошиб, ўртача 14,6 миллион сўмни ташкил этди.
Натижада хусусий секторда ишловчи аёлларга тўланган умумий маблағ ҳам кескин ошди: 2025 йилда 7,2 миллиард сўм бўлган бўлса, 2026 йилда 11,3 бараварга ўсиб, 81,7 миллиард сўмга етди.
Ушбу рақамлар мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими изчил ривожланаётгани, аёлларни қўллаб-қувватлаш эса давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини яққол намоён этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА