Ҳурмуз бўғози қанча вақтда минадан тозаланади?
Ҳурмуз бўғозини минадан тозалаш учун Пентагон кутилмаган муддат эълон қилди. Жараён чўзилиши глобал энергия ва сиёсий мувозанат учун жиддий оқибатга олиб келиши мумкин.
Пентагон баҳосига кўра, жанговар ҳаракат тўхтагандан кейин бўғозни минадан тозалаш амалиёти олти ой вақт олиши мумкин, дея хабар бермоқда “The Maritime Executive” нашри.
Вакиллар палатаси Қуролли кучлар қўмитасига Ҳурмуз бўғози ёпилиши ҳақида маълумот берилди. Брифингда Пентагоннинг юқори мартабали амалдори қонунчиларга “Мустақиллик” тоифасидаги уч қирғоқ жанговар кемасига ўрнатилган ускуналар ҳудудни олти ойда минадан тозалашини айтди.
Миналарнинг аниқ жойи номаълум. Эрон кемалар учун бўғоз маркази бўйлаб ҳаракат давомида ажратилган зонадан узоқроқ сузиш ҳақида огоҳлантирувчи “хавфли ҳудуд” харитасини чоп этган.
Ҳудудни минадан тозалаш учун кетадиган вақт можаронинг энергия нархига таъсирини АҚШда ноябрь ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловга қадар узайтиради. Бу эсча Трамп маъмурияти учун номақбул муддат.
Аввалроқ Эроннинг БМТдаги доимий вакили Америка қамали бекор қилингандан кейингина АҚШ билан музокара янги босқичга ўтиши мумкинлигини маълум қилган.
Г.Сатторова, ЎзА