“Ҳуқуқий маҳалла” лойиҳаси амалда
Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси томонидан аҳолининг ҳуқуқий билими ва фаоллигини ошириш, шунингдек, муаммоларни ўрганиб, жойида ҳал этиш мақсадида танлаб олинган ҳудуд — Мирзаобод туманидаги “Ойдин” маҳалласида “Ҳуқуқий маҳалла” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида адлия ходимлари маҳалла аҳолиси билан бевосита мулоқотлар ўтказиб, уйма-уй юриб фуқароларнинг долзарб муаммоларини ўргандилар. Сўровномалар орқали аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражаси таҳлил қилинди, аниқланган масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Маҳалладаги ижтимоий-ҳуқуқий муаммоларни ҳал этишда “маҳалла еттилиги” тизими муҳим ўрин тутади. “Ойдин” маҳалласининг мазкур тизим асосидаги фаолияти Адлия бошқармаси томонидан кўрсатилаётган методик ёрдам ҳисобига самарали ташкил этилмоқда. Бу эса маҳалла фаоллари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, аҳоли билан ишлашнинг янги, тизимли усулларини шакллантирмоқда.

Шунингдек, “Адлия куни” тадбири доирасида фуқароларга ҳуқуқшунослар томонидан бепул маслаҳатлар берилди. Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида семинарлар, очиқ мулоқотлар ва тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Методик қўллаб-қувватлаш ва тизимли ишлар натижасида маҳаллада ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятчиликнинг олди олинаётгани, фуқароларнинг ҳуқуқий муаммолари эса тезкор ҳал этилаётгани кузатилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, “Ҳуқуқий маҳалла” лойиҳаси аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий масалаларни амалда ҳал этиш ҳамда давлат органлари билан фуқаролар ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА