Ҳуқуқий билимлар майдонида ёшлар беллашишди
Сирдарё вилояти Ёшлар марказида ёшларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш, уларнинг қонунларга ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва мажбуриятларини чуқур англашига кўмаклашиш мақсадида «Ёшлар ва қонун» ҳуқуқий танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Танловда ҳудудлардан ташриф буюрган ёшлар жамоалари ҳуқуқий билим, зукколик, тезкор фикрлаш ва жамоавий ҳамжиҳатлик борасида ўз салоҳиятини намойиш этди. Қизғин ва муросасиз кечган беллашувда ҳар бир жамоа юқори натижа учун астойдил ҳаракат қилди.

Танловнинг биринчи шарти — «Ҳуқуқий пенальти»да иштирокчилар қонунчиликка оид саволларга жавоб бериб, ўз билимларини синовдан ўтказди. Қисқа вақт ичида аниқ ва тўғри жавоб беришни талаб этган мазкур шарт беллашувга дастлабки дақиқаларданоқ қизғин тус берди.

Кейинги босқич — «Сардорлар беллашуви»да жамоа раҳбарларининг ҳуқуқий билими ва тезкорлиги синовдан ўтказилди. Сардорларга 10 тадан савол берилиб, ҳар бир тўғри жавоб 0,5 баллдан баҳоланди. Умумий 10 балл учун кечган баҳсда ҳар бир жавоб жамоаларнинг якуний натижаси учун муҳим аҳамият касб этди.

«Конституция билимдонлари» шартида эса иштирокчилар Бош қомусимизга оид билимларини намойиш этишди. Жамоалар Конституцияда белгиланган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, фуқароларнинг бурч ва мажбуриятлари, давлат ва жамият ҳаётига оид муҳим нормалар юзасидан саволларга жавоб бериб, 5 балл учун беллашди.

Танловнинг энг қизиқарли ва амалий аҳамиятга эга шартларидан бири «Суд мажлислари модели» бўлди. Унда жамоалар мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, одил судлов тамойиллари ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалаларини суд мажлиси кўринишида намойиш этди. Иштирокчилар суд жараёнини саҳнавий тарзда ифодалаш орқали ҳуқуқий билимлари билан бир қаторда, ижодий ёндашуви ва жамоада ишлаш маҳоратини ҳам кўрсатишди.

Шу тариқа, Низом талабларига мувофиқ, жамоалар тўртта шарт асосида ўзаро беллашишди. Ҳар бир босқичда иштирокчиларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, мантиқий фикрлаши, тезкор қарор қабул қилиши, ўз фикрини эркин ифодалаши ва жамоавий ишлаш қобилияти баҳоланди.


Беллашувлар якунида ҳакамлар ҳайъати жамоаларнинг барча шартлар бўйича тўплаган балларини ҳисоблаб, ғолиб ва совриндорларни аниқлади.
Якуний натижаларга кўра, Мирзаобод туманидаги Наврўз маҳалласининг «Тарғибот» жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Сирдарё тумани Оқибат маҳалласининг «Юристлар» жамоаси иккинчи, Гулистон тумани Ибрат маҳалласининг «Лидерлар» жамоаси эса учинчи ўринга муносиб кўрилди.



Ғолиб ва совриндор жамоаларга Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармасининг дипломлари ҳамда қимматбаҳо совғалар, ваучерлар тантанали равишда топширилди. Танловни адолатли ва шаффоф баҳолашда иштирок этган ҳакамлар ҳайъати аъзоларига ҳам ташаккурномалар топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири