Ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид қонунчилик такомиллаштирилади
Ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва ўз вақтида олдини олиш турли кўнгилсиз оқибатларни бартараф этишда муҳим омил ҳисобланади.
Бу борада 2026 йил 27 январь куни ўтказилган Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар долзарб аҳамиятга эга.
Мазкур вазифалар доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, амалдаги ҳуқуқий нормаларни қайта кўриб чиқиш ва замонавий талаблар асосида такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Президент топшириқлари ижросини таъминлаш доирасида жойларда амалий ўрганишлар ҳам олиб борилаётгани қайд этилди. Хусусан, депутатлар томонидан Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Юнусобод, Олмазор, Яккасарой, Яшнобод, Мирзо Улуғбек туманларида жиноятчилик ҳолати, унинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитлари атрофлича ўрганилди.
Ўрганишлар жараёнида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимида мавжуд муаммолар, профилактика ишларининг самарадорлиги, маҳалла ва соҳавий идоралар ўртасидаги ҳамкорлик ҳолати таҳлил қилинди. Олинган натижалар қонунчиликни янада такомиллаштиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Йиғилиш давомида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Ички ишлар вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, соҳа мутахассислари ҳамда ҳуқуқшунос олимларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда пухта қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини янада такомиллаштириш орқали жамиятда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган комплекс ёндашувни шакллантириш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
М.Комилова, ЎзА