Ҳунар — мустақил ҳаёт пойдевори
Бугун мактаб фақат билим бериладиган маскан эмас. У ёш авлоднинг келажакда ўз ўрнини топиши, ҳаётда мустақил қадам ташлаши, касб эгаллаши ва ўз меҳнати билан муносиб даромад топиши учун мустаҳкам пойдевор яратиши керак. Айниқса, қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларга замонавий касб-ҳунар сирларини ўргатиш — келажакка қаратилган муҳим вазифалардан биридир.
Давлат раҳбари ташаббуси билан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, касб-ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлаш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу эътиборнинг амалий ифодасини таълим муассасаларида ташкил этилаётган турли тўгараклар, касбга йўналтирувчи машғулотлар ва замонавий ўқув хоналари мисолида кўриш мумкин.
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги 24-умумтаълим мактабида амалга оширилаётган “Менинг мактабим” лойиҳаси доирасидаги ташаббус ҳам ана шу эзгу мақсадларга уйғунлиги билан аҳамиятли.
Мактабда ўқувчи-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва келажакда мустақил ҳаётда асқотадиган амалий кўникмаларини шакллантириш мақсадида замонавий BAOYU русумли тикув машиналари харид қилинди. Энг муҳими, мактабда алоҳида тикувчилик хонаси жиҳозланиб, қизларнинг амалий машғулотлар билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Энди бу хонада оддий мато бўлаги аста-секин янги либосга, оддий ғоя эса тайёр маҳсулотга айланади. Ўқувчи-қизлар тикувчилик, бичиш, ўлчов олиш, матони танлаш ва унга ишлов бериш, кийим тайёрлаш, безак ва дизайн асосларини амалиёт орқали ўрганади.
Бу жараённинг энг қимматли жиҳати шундаки, қизлар тайёр маҳсулотни шунчаки кўриб ёки китобдан ўқиб эмас, балки ўз қўллари билан яратишни ўрганади. Бир қарашда оддий туюлган бу кўникма аслида уларнинг келажаги учун катта имконият эшигини очиши мумкин.
Бугун мактабда ўрганилган тикувчилик эртага касбга, касб эса оилавий даромад манбаига айланиши эҳтимол. Қизлар келажакда ўз буюртмаларини қабул қилиши, кичик тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиши, миллий ва замонавий либослар яратиши, ҳатто бошқаларга ҳам иш ўрни яратиши мумкин. Демак, бу ерда гап фақат тикув машинаси ёки бир хонанинг жиҳозланиши ҳақида эмас. Гап — ёш қизларнинг ҳаётга тайёрланиши, ўз кучига ишониши ва мустақил келажак сари дадил қадам ташлаши ҳақида.

Айниқса, бу каби ташаббуслар қизларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш билан бирга, уларда меҳнатсеварлик, масъулият, дид, сабр-тоқат ва ижодкорлик каби муҳим фазилатларни ҳам шакллантиради. Қўл меҳнати билан яратилган ҳар бир маҳсулот эса улар учун ўз қобилиятига бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.
Зеро, ҳунар — инсонга бир умр ҳамроҳ бўладиган бойлик. Уни ҳеч ким тортиб ололмайди. Билим ва касб уйғунлашган жойда эса ёш инсоннинг имкониятлари янада кенгаяди.
Ғиждувон туманидаги 24-умумтаълим мактабида яратилган ушбу шароит ана шу ҳақиқатнинг яққол намунасидир. Бугун тикув машинаси ёнида ўтириб, биринчи маҳсулотини яратаётган қиз эртага ўз касбига эга мутахассис, тадбиркор ёки моҳир ҳунарманд бўлиши мумкин.
Шу маънода, “Менинг мактабим” лойиҳаси доирасида амалга оширилган бу ташаббусни келажакка тикилган эзгу тикиш, десак муболаға бўлмайди. Чунки бу ерда мато эмас, ёш қизларнинг орзулари, ишончи ва келажаги шаклланмоқда.

Ташаббусни амалга оширишда фидойилик кўрсатган устозлар ва масъулларга миннатдорлик билдириш ўринли. Зеро, фарзандга бирор нарсани тайёр ҳолда беришдан кўра, уни ўз меҳнати билан яратишга ўргатиш — энг катта тарбия ва энг қимматли сармоядир.
Ҳунари бор инсоннинг қўлида касб, қалбида ишонч, келажагида эса имконият бўлади. Мактабда ёқилган ана шу кичик чироқ эртага бутун бир ҳаёт йўлини ёритиши мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири