Ҳудудларни ривожлантириш имкониятлари ўрганилмоқда
Мамлакатимизда давлат органларида натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш, ҳудудларда янги имкониятларни аниқлаш ва бошқарув самарадорлигини ошириш, давлат идораларида инсон ресурслари билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2025 йил 6 декабрдаги “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Бошқарув самарадорлиги агентлиги директорининг ўринбосари Акмал Солиҳов бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан Наманган вилоятида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, “ўсиш нуқталари” ва ишга солинмаган имкониятларни аниқлаш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Бунда туман ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, ҳудудий драйвер соҳалар, инвестиция ва бандликни таъминлаш имкониятлари, мавжуд инфратузилма ҳамда бошқарув самарадорлиги кўрсаткичлари таҳлил қилинмоқда.
Ўрганишлар жараёнида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида мавжуд тизимли муаммоларни аниқлаш, уларнинг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолиятига тўсқинлик қилаётган омиллар бартараф этилишига кўмаклашиш, инфратузилма, ресурс каби жараёнлар билан боғлиқ масалаларга амалий ечимлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
–Вилоятимиз ҳудудларини ривожлантириш мақсадида бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган, – дейди Бошқарув самарадорлиги агентлиги Наманган филиали директори Шуҳрат Тўхтабоев. – Жумладан, Поп тумани тоғли ҳудудларида умумий 600 гектар ер майдонида эко ва гастрономик туризм зоналари барпо этилади.
Поп туманида 100 гектар ер майдонида кооперация асосида юқори даромадли маҳсулотлар етиштириладиган Агромарказ ташкил қилинади. Давлатобод туманида иккита, Наманган туманида олтита, Норин ва Янги Наманган туманларида биттадан, жами 10 та кўчада кечаю кундуз (24/7 режимида) хизмат кўрсатиш кўчалари ташкил этилади.
Тўрақўрғон туманидаги беш гектар ер майдонида паррандачилик комплекси, Янгиқўрғон тумани Булоқбоши маҳалласи ҳудудида йиллик қуввати 100 минг тонна бўлган замонавий мевани қайта ишлаш корхонаси ишга туширилади.
Таҳлиллар якуни бўйича ҳудудларда янги имкониятларни ишга солиш, бошқарув тизимини такомиллаштириш ва янги иқтисодий драйверларни ривожлантиришга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА