Ҳудудларда жамоат транспорти янги босқичга чиқади
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев иштирокида Янгийўл, Ангрен, Оҳангарон, Олмалиқ, Нурафшон ва Чирчиқ шаҳарларининг жамоат транспортини ривожлантириш бўйича комплекс тақдимот ўтказилди.
Тадбирда мазкур шаҳарлардаги транспорт тизимини ягона бошқарув асосида такомиллаштириш, аҳоли учун қулай ва самарали транспорт хизматини йўлга қўйиш ҳамда замонавий инфратузилмани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Таҳлилларга кўра, маршрутлар тармоғини қайта ташкил этиш, уларни оптималлаштириш, транспорт йўлакларини самарали бошқариш, замонавий бекатлар ва транспорт-алмашинув узелларини барпо этиш орқали жамоат транспортидан кунлик фойдаланувчилар сонини 298,6 минг нафардан 533 минг нафарга етказиш мумкин. Бу эса йўловчилар оқимини 234,4 минг нафарга ёки 78,5 фоизга ошириш имконини беради.
Таъкидланганидек, бундай натижа фақат янги автобуслар хариди ҳисобига эмас, балки бутун транспорт тизимини замонавий ёндашувлар асосида тубдан қайта ташкил этиш орқали таъминланади. Шунингдек, брутто-шартномалар асосида фаолият юритувчи маршрутларда рейслар бажарилиши, автобуслар ҳаракати, йўловчилар оқими, интерваллар ҳамда субсидиялар ягона рақамли реестр орқали назорат қилинади.

Бундан ташқари, шаҳарлар учун 2026, 2030 ва 2035 йилларга мўлжалланган ягона транспорт прогнозлари ҳамда тизим самарадорлигини баҳолаш методикаси ишлаб чиқилади.

Тақдимот якунида ушбу чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад аҳоли учун хавфсиз, қулай, барқарор ва замонавий жамоат транспорти тизимини шакллантириш, шаҳарларда ҳаракатланиш сифатини янги босқичга олиб чиқиш экани алоҳида қайд этилди.
А.Мусаев,ЎзА