HSK имтиҳони нима учун керак?
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги “Green University”га қарашли Марказий Осиё экология ва атроф-муҳит тадқиқотлари марказида “HSK: Хитойда таълим” мавзусида III Ўзбекистон форуми ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси вакили Сун Чангдун, Хитой Таълим вазирлиги ҳузуридаги Хитой ва хорижий тиллар алмашинуви ва ҳамкорлик маркази, “Chinese Testing International” бош директор ўринбосари Лю Сяолун, Хитой олий таълим муассасаси вакили, Ланчжоу университети вакили Ли Чунлин, “Green University” ректори, профессор Бахтиёр Пўлатов, ХХР ва маҳаллий университетлар профессорлари ҳамда талабалар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Азиз Абдуҳакимов Хитой билан таълим, илм-фан, инновациялар ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

– Бугун "Green University"да Хитойнинг 26 та етакчи университети вакилларини кутиб олиш биз учун катта шараф, –дейди Азиз Абдуҳакимов. – Бу икки мамлакат ўртасидаги академик ҳамкорлик ва ўзаро ишонч тобора мустаҳкамланиб бораётганининг ёрқин ифодасидир. Мазкур форум узоқ муддатли институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш, академик алмашинувни кенгайтириш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим барқарорлиги, "яшил" технологиялар, чўлланишга қарши кураш ва барқарор ривожланиш каби муҳим йўналишларда қўшма илмий тадқиқотларни ривожлантириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Форум давомида иштирокчиларга Хитой университетларининг таълим дастурлари, бакалавриат, магистратура ва докторантура йўналишлари, грант ва стипендия имкониятлари, HSK имтиҳони ҳамда ҳужжат топшириш тартиби бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Қайд этиш лозимки, HSK имтиҳони (Hànyǔ Shuǐpíng Kǎoshì) — “Хитой тили даражасини текшириш имтиҳони” демакдир. У чет элликлар учун мўлжалланган бўлиб, инсоннинг мандарин (стандарт хитой тили) бўйича билим даражасини аниқлайди. Мазкур имтиҳон Хитой университетларига ўқишга киришда, грант ва стипендия олишда, Хитойда ишлаш ёки стажировкада ҳамда тил билиш даражасини расман тасдиқлашда зарур бўлади.
Шунингдек, форум доирасида Хитой университетлари вакиллари билан таълим дастурлари тақдимотлари ҳамда Ўзбекистон ва Хитой олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари “Марказий Осиёда чўлланишга қарши кураш технологиялари” мавзусида халқаро ўқув семинари ҳам бўлиб ўтади. Семинар 24 майга қадар Хитой фанлар академияси таркибидаги Шинжон экология ва география институти, “Шимоли-ғарбий экология, атроф-муҳит ва ресурслар институти” ҳамда ХХР Таълим вазирлиги ҳузуридаги Тил бўйича таълим ва ҳамкорлик маркази билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Семинар Хитой — Марказий Осиё ҳамкорлиги доирасида чўлланишга қарши курашни минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида ривожлантириш, экологик барқарор тараққиётни таъминлаш ва ресурсларни тежашга асосланган “яшил” иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий этишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА