Хўжайлида аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов бошчилигидаги депутатлар Хўжайли туманида бўлиб, аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммолари, қишлоқ хўжалигидаги долзарб масалалар ҳамда ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб «CAKE BUMER» кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти кўздан кечирилди.
2007 йилда ташкил этилган корхона бугунги кунда ишлаб чиқариш, савдо, омбор, логистика, молия, кадрлар, маркетинг ва SMM йўналишларини қамраб олган 27 та бўлимни бирлаштирган. Хўжайли ва Қўнғирот туманлари, шунингдек, Нукус шаҳрида корхонанинг савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари фаолият юритмоқда.
Корхонада 150 нафардан зиёд киши доимий иш билан таъминланган.
Мулоқот давомида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, маҳсулотларни ташқи бозорга олиб чиқиш ва экспорт географиясини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг Саманкўл овулидаги «Шукуруллаева Толганай» фермер хўжалигида туман фермерлари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш самарадорлигини ошириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни кўпайтириш ҳамда фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
[gallery-31764]
Депутатлар Сувенли маҳалласида маҳалла еттилиги вакиллари ҳамда аҳоли билан ҳам учрашди. 2 минг 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган маҳаллада савдо-сотиқ, хизмат кўрсатиш ва паррандачилик йўналишлари ривожланмоқда.
Учрашувда ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш ва аҳоли учун қулай шароитлар яратиш масалалари кўриб чиқилди.
Ўрганишлар давомида тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш билан бир қаторда, аҳоли бандлиги, инфратузилма ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Билдирилган таклиф ва мурожаатларни масъул ташкилотлар билан биргаликда кўриб чиқиш ҳамда улар юзасидан амалий чоралар белгилаш зарурлиги таъкидланди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА