Хўжаободнинг фаол тадбиркор аёли
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги Дилкушод маҳалласида истиқомат қилувчи Ноирахон Эшонхўжаева тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, фаол ва ташаббускор аёллар сафини янада кенгайтирди.
У 2022 йилда бор йўғи бир дона пайпоқ тўқиш ускунасини харид қилиб, кичик тадбиркорлик билан ишни бошлаган. Изланиш ва меҳнати самараси ўлароқ, 2023 йилга келиб, ишлаб чиқариш қувватини кенгайтирди, ускуналар сонини тўрттага етказди. 2024 йилда эса давлат томонидан яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, имтиёзли кредитлар асосида ускуналар сонини саккизтагача кўпайтиришга эришди.
[gallery-28952]
Эътиборлиси, тадбиркор нафақат ўз фаолиятини ривожлантирмоқда, балки маҳалладаги аҳолини иш билан таъминлашга ҳам ҳисса қўшмоқда. Айни пайтда у ўн нафарга яқин аёлни доимий иш ўрни билан таъминлаган.
– Бугунги кунда тадбиркорлар учун давлатимиз томонидан катта имкониятлар яратилган, - дейди тадбиркор Ноирахон Эшонхўжаева. – Бунинг учун маҳалла ва банклар томонидан бизга имтиёзли кредитлар ажратилиб, доимий кўмак бериб келинмоқда.
Тадбиркор аёл келгусида фаолиятини янада кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва ишчилар сонини 50 нафарга етказишни мақсад қилган.
Ноирахон Эшонхўжаеванинг меҳнати давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилиб, у 2025 йилда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ(сурат),ЎзА