“Хўжаикон” туз ғоридан мақсадли фойдаланилади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилоятининг Кўҳитанг тоғ тизмасида, денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда “Хўжаикон” туз ғори жойлашган. Ушбу ғор минерал туз ва бошқа қазилма бойликлар манбаи сифатида қадимдан қадрланган. Бугун унинг салоҳияти замонавий ёндашув асосида ўрганилиб, туз ғоридан самарали фойдаланиш, ҳудудни иқтисодий ва туристик ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда, “KAPA YURT SALT TAUN” МЧЖ томонидан Германиянинг машҳур “Bizayla” компанияси билан ҳамкорликда умумий қиймати 50 миллион еврога тенг “Саломатлик туризми” шаҳарчасини ташкил этиш лойиҳаси тақдим этилди.
Мазкур шаҳарча аҳолига ва сайёҳларга юқори даражадаги соғломлаштириш хизматларини кўрсатишга қаратилади. Туз ғорининг табиий шифобахш муҳитидан фойдаланган ҳолда, нафас йўллари касалликлари, аллергия ва бошқа хасталикларни даволаш бўйича махсус марказлар ташкил этилиши режалаштирилган. Бу эса нафақат тиббий туризмни ривожлантиради, балки ҳудуд иқтисодиётига ҳам сезиларли даромад келтиради.
[gallery-25626]
Бундан ташқари, “Хўжаикон туз” МЧЖ томонидан мавжуд туз ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ишлари бошлаб юборилган. Замонавий технологияларни жорий этиш орқали юқори сифатли минерал туз маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўлами кенгайтирилмоқда. Бу жараён нафақат ички бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлаш, балки экспорт салоҳиятини ҳам оширишга хизмат қилади.
Кенг қамровли лойиҳаларни самарали амалга ошириш учун зарур инфратузилмани ривожлантириш масаласи ҳам кун тартибида турибди. Йўлларни таъмирлаш, транспорт ва коммуникация тизимини яхшилаш, сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли учун қулай шароитлар яратиш бўйича ҳам фаол ҳаракатлар олиб борилмоқда.
“Хўжаикон” туз ғори бу – нафақат табиат инъом этган мўъжиза, балки Сурхондарё вилояти учун янги иқтисодий ва туристик имкониятлар манбаидир. Маскан келажакда нафақат юртимиз, балки минтақанинг йирик саломатлик туризми марказига айланиши кутилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА