Хотира – абадий, жасорат унутилмайди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Самарқанд вилоятида ҳам Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 81 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Бугун вилоят ҳокими А.Бобоев бошчилигида фаоллар, жамоатчилик вакиллари, ҳарбийлар ва турли соҳалар ходимлари, нуронийлар ва ёшлар Самарқанд шаҳридаги Хотира майдонида Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Инсоният учун чексиз азоб-уқубатлар келтирган Иккинчи жаҳон урушида 152 мингдан ортиқ самарқандликлар иштирок этган. Афсуски, уларнинг 73 минг нафарига она юртига қайтиб келиш насиб этмаган. Хотира майдонидаги лавҳаларда бу фидойи инсонлар номи битилган.
Маросим қатнашчилари юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишта ҳаёти учун жонини фидо қилган инсонларни хотирлаб, уларнинг жасоратини ёдга олди.
– Хотира ва қадрлаш куни осуда ҳаётнинг қадр-қимматини англаш, ўтганларни ёд этиб, ҳаёт бўлган фахрийларимизга эҳтиром кўрсатиш айёмидир, – дейди “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Шуҳрат Негматов. – Айни пайтда вилоятимизда Иккинчи жаҳон урушининг машаққатли йилларини ўз бошидан кечирган, матонат мактабини ўтаган 31 нафар 100 ёш ва ундан ошган табаррук кексаларимиз истиқомат қилмоқда. Жумладан, улар орасида 102 ёшли уруш қатнашчиси Аҳад бобо Очилов ҳам бор. Айни кунларда отахоннинг уйига ҳокимлик ва турли жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар, таълим муассасалари талаба ва ўқувчилари бориб Аҳад бобони байрам билан табрикламоқда, у кишининг ҳаёт йўли билан танишиб, ўтмиш ҳақидаги хотираларини тинглаяпти. Шунингдек, 165 нафар фронт орти фахрийлари ҳам давлатимиз ва халқимизнинг эъзозида ҳаёт кечирмоқда, уларга зарур тиббий, ижтимоий ёрдам кўрсатиляпти.
Хотира ва қадрлаш куни тадбирлари доирасида вилоят ҳокими А.Бобоев Самарқанд тумани Саховат маҳалласидаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аҳад Очилов хонадонида бўлди.
Вилоят раҳбари Аҳад бобога давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг байрам муносабати билан йўллаган табригини ўқиб эшиттирди ва 30 миллион сўм пул мукофоти ҳамда эсдалик совғаларини топширди.
Суҳбат чоғида юртимизда инсон қадрини улуғлаш борасида олиб борилаётган ишлар, кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрлик ва ёшларнинг давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани эътироф этилди. Аҳад бобо Президентимизнинг доимий эътибор ва ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб яшаётганини таъкидлаб, бунинг учун миннатдорлик билдирди.
– Урушнинг номи ўчсин, унинг ҳар бир дақиқаси даҳшат эди, – деди Аҳад Очилов. – Бугунги тинч ва осуда кунлар учун қайта-қайта шукрона айтишимиз, бу кунларнинг қадрига етишимиз керак. Ёшларга доим шуни уқтираман. Яратганга шукр, тинч-осойишта, жуда тўқчилик замонда яшаяпмиз. Биз кўрган оғир кунларни бугунги ва келгуси авлодлар кўрмасин, илоҳим. Давлатимиз нуронийларга катта эътибор қаратмоқда. Президентимиз биз каби уруш қатнашчиларини доим эъзозлаб келмоқда. Ҳар йили мукофотлар бериляпти, тадбирларга таклиф этишади. Ўтган йил пойтахтда Президентимиз билан учрашдик. У кишини дуо қилдик, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлиши, Ўзбекистонимиз янада гуллаб-яшнашини тиладик.
[gallery-29304]
Вилоят ҳокими, шунингдек, фронт орти меҳнат фахрийлари – Самарқанд шаҳридаги Панжоб маҳалласида яшовчи Туфо ая Ибрагимова ҳамда Беш чинор маҳалласида Маҳбуба ая Рустамова хонадонида ҳам бўлиб, уларни байрам билан табриклади ҳамда заҳматли меҳнатларини эътироф этди. Вилоят ҳокимлигининг мукофот ва эсдалик совғаларини топширди.
Онахонлар давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром, ғамхўрлик учун миннатдорлик билдириб, бундан буён ҳам ёшларга бой ҳаётий тажрибаларини ўргатишларини таъкидлади.
Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 81 йиллиги тадбирлари туман ва шаҳарларда давом этмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари