Хотин-қизлар учун янги имкониятлар
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро давлат университетида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим ва жамоат ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда университетда 12 минг 74 нафар хотин-қиз таҳсил олади ва фаолият юритади. Улар учун сифатли таълим олиш, касбий салоҳиятини ривожлантириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган зарур шароитлар яратилган.
2025/2026 ўқув йилида талаба-қизлар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, психологик кўмак кўрсатиш, репродуктив саломатликни асраш, оилавий ҳаётга тайёргарлик, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва лидерлик қобилиятини ривожлантиришга қаратилган қатор учрашув, семинар ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилди.
«Илмли аёл — жамият кўзгуси», «Бизнес марафон», «Лидер қизлар», «Сизга айтар гапим бор» каби лойиҳалар талаба-қизларнинг билим ва салоҳиятини намоён этиши, янги ғоя ва ташаббусларини амалга ошириши учун муҳим майдонга айланди.
[gallery-31019]
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи ҳам эътибор марказида. Университетнинг хотин-қизлар мурожаатлари учун ташкил этилган махсус бот орқали келиб тушаётган мурожаатлар ўрганилиб, заруратга кўра ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Эҳтиёжманд талабаларнинг айрим мурожаатлари асосида уларга тўлов-контракт маблағларини тўлашда ҳам кўмак берилмоқда.
Хотин-қизларнинг жисмоний соғломлиги ва спортдаги фаоллигини оширишга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Университет талаба-қизларининг турли спорт мусобақаларида иштироки учун шароитлар яратилиб, уларнинг иқтидори ва ташаббуслари рағбатлантирилмоқда. Жумладан, «Тўмарис издошлари» республика мусобақасида университет талаба-қизлари муносиб иштирок этди.
2026/2027 ўқув йилида хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, психологик ва репродуктив саломатлик хизматларини кучайтириш, менторлик тизимини ривожлантириш ҳамда қизларни илмий-инновацион лойиҳаларга кенг жалб этиш устувор вазифалар этиб белгиланган.
Бухоро давлат университетида амалга оширилаётган бу ишлар хотин-қизларнинг таълим олиши ва касбий ривожланиши билан бир қаторда, уларнинг ижтимоий фаоллиги, ҳуқуқий ҳимояси ва ўз салоҳиятини тўла намоён этиши учун имкониятларни кенгайтирмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА