Хотин-қизлар қўллаб-қувватланса, оила мустаҳкамланади
Сирдарё вилоятида «Аёллар дафтари»нинг еттинчи босқичи доирасида 8 минг 943 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланиб, 2 минг 292 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит ажратилди. Шунингдек, минглаб хотин-қизлар тиббий, психологик ва ҳуқуқий кўмак билан қамраб олинди. Бу натижалар хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва оилалар барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган тизимли ишларнинг амалий самарасини кўрсатмоқда.
Бу ҳақда Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Унда бошқарма ва унинг туман-шаҳар бўлимлари масъуллари, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояси, бандлиги, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, оилавий барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.
Сирдарё вилоят ҳокимлиги хотин-қизлар масалалари бўйича котибият мудири Аброр Аллаяров соҳадаги ишларнинг асосий мезони ҳар бир хотин-қизнинг муаммосини ўз вақтида аниқлаш ва унинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, амалий ечим топиш эканини таъкидлади.
— Фаолиятимизнинг асосий мақсади — ҳар бир хотин-қизнинг муаммосини ўз вақтида аниқлаш, унга амалий кўмак кўрсатиш ва ўз имкониятларини рўёбга чиқариши учун шароит яратишдир. Шу боис ишларни оғир ижтимоий вазиятдаги аёлларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш, соҳадаги янги ёндашувларни амалиётга жорий қилиш, янги лойиҳа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш йўналишларида олиб бормоқдамиз, — деди Аброр Аллаяров.
2026 йил 20 сентябрь ҳолатига кўра, «Аёллар дафтари»нинг еттинчи босқичи доирасида 516 нафар хотин-қизга уй-жой масаласида ёрдам кўрсатилди. 8 минг 527 нафар хотин-қиз тиббий ва психологик кўмак билан қамраб олинди. Ҳуқуқий ёрдамга эҳтиёж билдирган 5 минг 428 нафар хотин-қизнинг барчасига тегишли кўмак кўрсатилди.
Шунингдек, 4 минг 663 нафар хотин-қизнинг даволаниш харажатларига, 214 нафарига жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун ёрдам берилди. Яна 3 минг 391 нафар аёл турли йўналишларда қўшимча кўмак олди. Бу мақсадларга «Аёллар дафтари» жамғармасидан 4 миллиард 151 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
[gallery-31772]
Эътиборли жиҳати, бугунги ёндашув фақат мавжуд муаммони бартараф этиш билан чекланмаяпти. Хотин-қизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан бирга, унинг касб эгаллаши, иш топиши ёки ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун имконият яратишга устувор аҳамият берилмоқда. Бу эса ёрдамнинг қисқа муддатли натижасидан барқарор даромад ва мустақилликка олиб борувчи тизимли кўмакка айланаётганини кўрсатади.
Шу мақсадда вилоятда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларни касб-ҳунар ҳамда тадбиркорликка жалб этиш бўйича хонадонбай ўрганиш ишлари олиб борилди. 172 минг 423 та хонадонда ўтказилган хатлов натижасида 34 минг 409 нафар ишсиз хотин-қиз аниқланиб, уларнинг 27 минг 999 нафари бандлиги таъминланди. Бу белгиланган режанинг 81 фоизини ташкил этди.
Касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича белгиланган 5 минг 349 нафарлик режа ҳам ортиғи билан бажарилиб, 6 минг 668 нафар хотин-қиз ўқувларга жалб қилинди. Тижорат банклари томонидан 7 минг 127 нафар хотин-қизга 384 миллиард 300 миллион сўм кредит ажратилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастури доирасида эса 2 минг 587 нафар хотин-қизга 46 миллиард 100 миллион сўм имтиёзли кредит берилди.
Бунда асосий эътибор фақат иш билан таъминлаш кўрсаткичларига эмас, балки хотин-қизларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши, касб ўрганиши ва иқтисодий мустақиллигини таъминлашга қаратилмоқда.
Хотин-қизлар билан ишлашда хонадонбай ўрганиш натижасида шакллантирилаётган аниқ маълумотлар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Улар орқали ҳар бир маҳаллада қанча хотин-қиз ишсизлиги, ким касб ўрганишга эҳтиёж сезаётгани, ким тадбиркорликка қизиқиши ва ким ижтимоий кўмакка муҳтожлиги аниқланмоқда.
Шу маълумотлар асосида ҳар бир хотин-қиз учун индивидуал иш режаси шакллантирилиб, унда амалга ошириладиган чора-тадбирлар, муддатлар ва масъуллар белгилаб қўйилмоқда. Бундай ёндашув муаммони аниқ белгилаш, унинг ечимини назорат қилиш ва кўрсатилаётган ёрдамнинг натижадорлигини баҳолаш имконини бермоқда.
Оила барқарорлигини таъминлашда эса муаммони эрта аниқлаш ва унинг олдини олиш муҳим ўрин тутади. Айни пайтда вилоятнинг 11 та туман ва шаҳрида «Оила маскани» фаолият юритиб, низоли ва ажрим ёқасида турган оилалар билан психолог, ҳуқуқшунос ҳамда бошқа мутахассислар иштирокида индивидуал иш олиб борилмоқда.
Манзилли профилактик чоралар натижасида Мирзаобод туманида ажримлар 34 фоизга, Ховос туманида 7 фоизга камайган. Айни вақтда Гулистон ва Янгиер шаҳарларида никоҳдан ажралиш ҳолатларининг кўпайиши ушбу ҳудудларда оилавий муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган ишларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Вилоятда 3 минг 568 та никоҳ қайд этилган. Оилавий ҳаётга тайёрлаш курсларида эса 5 минг 890 нафар ёш келин-куёв иштирок этган. Машғулотларда оила қуриш масъулияти, эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ўзаро ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлаш, низоли вазиятларнинг олдини олиш каби масалаларга эътибор қаратилмоқда.
Хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини оширишда «Даромадли аёл» лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳам муҳим ўрин эгалламоқда. Вилоятнинг 11 та туман ва шаҳридаги 221 та маҳаллада кооперациялар ташкил этилди. 2026–2028 йилларга мўлжалланган 282 та бизнес лойиҳаси асаларичилик, ҳунармандчилик, томорқачилик, паррандачилик ва касаначилик каби йўналишларни қамраб олган бўлиб, шундан 171 таси ишга туширилди. Лойиҳаларга 5 мингдан зиёд хотин-қиз жалб этилди.
Шунингдек, ташкил этилиши режалаштирилган 26 та хотин-қизлар марказининг 17 тасида фаолият йўлга қўйилди. Уларда тикувчилик, қандолатчилик ва соғломлаштириш йўналишларида хизматлар ташкил қилиниб, 267 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
«Энг яхши ижтимоий лойиҳалар» танлови доирасида 51 та шартнома тузилиб, 1 миллиард 192 миллион 400 минг сўм маблағ йўналтирилди. Натижада ижтимоий реестрда турувчи 123 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Келгусида хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, уларнинг рақамли ва молиявий саводхонлигини ошириш, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, кооперация асосида янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Зеро, хотин-қизнинг ижтимоий ва иқтисодий фаоллиги, аввало, унинг ўз ҳаёти ва оиласи келажагига дахлдор қарорларда фаол иштирок этишига замин яратади. Барқарор даромад, касб ва тадбиркорлик имконияти, ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоянинг таъминланиши эса оила фаровонлиги учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди. Шу маънода, Сирдарёда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар алоҳида йўналишлар эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи яхлит тизим сифатида шаклланмоқда. Ҳар бир аёлнинг муаммосига ечим топиш, унга имконият яратиш ва бу имкониятни барқарор натижага айлантириш орқали оилалар фаровонлиги ва жамият барқарорлиги мустаҳкамланмоқда.
Матбуот анжуманида журналистлар ва ОАВ вакилларининг мавзуга оид саволларига мутасаддилар томонидан батафсил жавоблар берилди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА