Хотин-қизлар ўртасида инновацион лойиҳалар танлови ўтказилмоқда
Хотин-қизларнинг илмий-инновацион салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва улар томонидан яратилаётган ишланмаларни амалиётга жорий этиш мақсадида «Ҳудуднинг энг яхши 100 та инновацион лойиҳалари» танлови ўтказилмоқда.
Танлов Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган.
Унда ҳудуддаги олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, ташкилот ва корхоналарда илмий-тадқиқот, инновацион, технологик, ишлаб чиқариш ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган олима, ихтирочи ва тадбиркор хотин-қизлар ўз лойиҳалари билан иштирок этиши мумкин.
Танлов якунига кўра, энг яхши 100 та инновацион лойиҳа — TOP-100 саралаб олинади. Ғолиблар сертификат ва мукофот пули билан тақдирланиши билан бир қаторда, уларга «InnoWeek.Uz–2026» халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида лойиҳаларини намойиш этиш, экспертлар ва мутахассисларга тақдим қилиш, инвестиция жалб этиш, лойиҳаларни тижоратлаштириш ҳамда технологик ва ишбилармонлик ҳамкорлигини йўлга қўйиш имкониятлари тақдим этилади.
Танлов доирасида инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш учун ҳамкорлар топишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Лойиҳалар 2026 йил 30 сентябрь соат 23:59 га қадар қабул қилинади. 1–15 октябрь кунлари тақдим этилган лойиҳалар экспертлар томонидан сараланади. 27–29 октябрь кунлари эса «InnoWeek.Uz–2026» доирасида TOP-100 лойиҳалар кўргазмаси, тақдимотлари ва ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилади.
Лойиҳалар Innomarket.uz электрон платформаси орқали қабул қилинади.
Н.Усмонова, ЎзА