Хотин-қизлар – оила ва жамиятнинг мустаҳкам таянчи
Гулистон шаҳридаги «Фаровон» тантаналар уйида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири кўтаринки руҳда ўтди. Унда шаҳар ҳокими Фаррух Ўктамжонов бошчилигидаги мутасаддилар, ижтимоий соҳа вакиллари, тадбиркор ва ҳунарманд аёллар, «Оқила аёллар» ҳаракати аъзолари ҳамда таълим ва тиббиёт соҳаларида фаолият юритувчи хотин-қизлар иштирок этишди.
Тадбирда шаҳар ҳокими барча мунис ва мўътабар опа-сингилларни самимий қутлаб, хотин-қизлар оила ва жамиятнинг мустаҳкам таянчи, ҳаётимиз файзи ва кўрки эканини таъкидлади. Ушбу байрам орқали хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий фаоллигини янада қўллаб-қувватлаш ва жамият ҳаётидаги ҳиссаларини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир давомида турли соҳаларда фаолият юритиб, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ хотин-қизлар шаҳар ҳокимлигининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Улар орасида таълим, тиббиёт, тадбиркорлик ва маҳалла тизимида фаолият юритувчи илғор аёллар алоҳида эътироф этилди.

Бахт маҳалласида истиқомат қилаётган, "Бивижонлар мактаби" раҳбари Шодигул Саидова ўз фикрларини шундай баён этди:
– Бу йил хотин-қизлар куни муносабати билан Давлатимиз раҳбарининг табриги наинки мен, балки барча хотин-қизларимиз учун кўтаринки кайфият бахш этди. Энг муҳими, «Оқила аёллар» ҳаракати аъзоси сифатида Гулистон шаҳрида ўтказилган байрам тадбирида иштирок этиб, ўз меҳнатимнинг қадр-қиммати ва жамиятдаги ўрнимни ҳис қилдим. Бунинг учун аввалан юртбошимизга чуқур ташаккур айтаман.

Шунингдек, байрам тадбирида хушовоз санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар, дилбар рақслар ва ранг-баранг концерт дастури иштирокчиларга кўтаринки кайфият, бир олам завқу шавқ улашди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири