Ҳосил тақдири далада ҳал бўлади
Дала — деҳқон меҳнати, илм-фан, замонавий технология ва масъулият уйғунлашадиган улкан меҳнат майдони. Бугун пахтазорда қилинган ҳар бир иш, белгиланган ҳар бир агротехник тадбир эртанги ҳосилнинг тақдирини белгилайди. Шу боис бугунги қишлоқ хўжалигида “вақтида” бажарилган ишнинг ўзи етарли эмас — унинг сифатли, илмий асосланган ва аниқ технология талаблари асосида амалга оширилиши муҳим.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аграр соҳани тубдан модернизация қилиш, ердан самарали фойдаланиш, сув ва ресурсларни тежаш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш, фермернинг даромадини ошириш ва пировардида халқ дастурхони фаровонлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугун ана шу ислоҳотларнинг натижаси, энг аввало, даланинг ўзида намоён бўлмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Бухоро вилоятида бўлиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижадорлиги, агротехник тадбирларнинг бориши ва ҳосилни йиғиштириб олишга тайёргарлик жараёнлари билан танишди.
Ташрифнинг дастлабки манзили Бухоро туманидаги пахта далалари бўлди. Бу ерда асосий эътибор ғўза парваришида якуний босқичнинг қай даражада ташкил этилгани, ҳосилнинг пишиб етилиши ва уни қисқа муддатларда, сифатли ҳамда нобудгарчиликсиз йиғиштириб олишга яратилган шароитларга қаратилди. Айниқса, пахта далаларида олиб борилаётган десикация жараёнлари атрофлича кўздан кечирилди.

Десикация — экинларни йиғим-теримга тайёрлашнинг муҳим агротехник тадбирларидан бири. У ўсимликнинг вегетация жараёнини меъёрлаштириш, ортиқча намликни камайтириш, пахта ҳосилининг бир текис пишиб етилиши ва теримни белгиланган муддатларда самарали ташкил этишга хизмат қилади. Бироқ бу жараённи шунчаки кимёвий восита қўллашдан иборат оддий тадбир сифатида қабул қилиш мумкин эмас. Унинг самараси, аввало, муддат, меъёр, об-ҳаво шароити, ғўзанинг ҳолати ва агротехник талабларга қатъий риоя этилишига боғлиқ.
Шу жиҳатдан вазирнинг даладаги ўрганишлари оддий назорат эмас, балки ҳосил тақдирига бевосита дахлдор бўлган ҳар бир жараённи чуқур таҳлил қилишга қаратилди.
Ўрганишлар давомида далаларда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва белгиланган талаблар асосида амалга ошириш, ҳар бир дала кесимида мавжуд ҳолатни алоҳида таҳлил қилиш зарурлиги таъкидланди.
Айниқса, пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришишга қаратилган “8 та қонун” талабларига амал қилиш масаласига жиддий эътибор қаратилди.
Маълум бўлишича, мазкур талаблар пахта етиштиришда ҳар бир агротехник жараённи аниқ мезонлар асосида ташкил этиш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш ва якуний натижа — юқори ҳамда сифатли ҳосилни таъминлашга қаратилган. Аммо уларнинг мазмун-моҳиятини айрим раҳбарлар ва фермер хўжаликлари ҳали тўлиқ англаб етмагани қайд этилди.
Вазир бу борада масъулларга аниқ вазифаларни белгилаб берди.

— “8 та қонун”ни шунчаки тавсия сифатида эмас, даладаги ҳар бир агротехник тадбирнинг аниқ мезони сифатида қабул қилиш керак, — деди Иброҳим Абдураҳмонов.
Дарҳақиқат, қишлоқ хўжалигида натижага эришиш учун умумий топшириқнинг ўзи кифоя қилмайди. Ҳар бир гектар ернинг ҳолати, ҳар бир ниҳолнинг ривожланиши, ҳар бир агротехник тадбирнинг муддати ва сифати доимий назоратда бўлиши керак.
Бугун пахтазордаги асосий вазифа — етиштирилган ҳосилни бой бермаслик. Бунинг учун десикациядан тортиб теримгача бўлган барча жараёнларни ўзаро уйғун ва пухта ташкил этиш талаб этилади. Шу мақсадда мутасаддиларга агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда ва сифатли бажариш, ҳар бир дала бўйича алоҳида таҳлил олиб бориш, мавжуд муаммоларни жойида бартараф этиш, фермерларга амалий ёрдам кўрсатиш ва терим мавсумига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири