Хорижий электрон хизмат кўрсатувчи компаниялар 143,8 миллиард сўм солиқ тўлади
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи 97 та хорижий компания томонидан 143,8 миллиард сўм миқдорида солиқ тўланди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 84 фоизга кўпайган.
Рақамли иқтисодиётнинг жадал ривожланиши билан хорижий компанияларнинг Ўзбекистонда кўрсатаётган электрон хизматлари ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Бу жараён давлат бюджетига тушаётган солиқ тушумларида ҳам ўз аксини топмоқда.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январь–июнь ойларида электрон хизматлар кўрсатувчи 97 та хорижий компания Ўзбекистонда жами 143,8 миллиард сўм солиқ тўлаган. Эътиборлиси, бу сумма 2025 йилдаги кўрсаткичдан 84 фоизга юқори.
Солиқ тушумлари ҳажми бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этган хорижий компаниялар қуйидагилар: Apple — 33,6 миллиард сўм, Google — 33,3 миллиард сўм, Meta — 28,9 миллиард сўм, Valve Corp. — 15,8 миллиард сўм, Anthropic — 6,3 миллиард сўм, OpenAI — 5,6 миллиард сўм, Midasbuy — 2,9 миллиард сўм, Booking.com — 2,6 миллиард сўм, TikTok — 1,6 миллиард сўм, Anysphere — 1,5 миллиард сўм солиқ тўлаган. Шундай қилиб, рўйхатдаги компаниялар орасида Apple, Google ва Meta энг катта солиқ тўловларини амалга оширган. Ушбу учта компаниянинг ўзи тўлаган солиқ миқдори қарийб 95,8 миллиард сўмни ташкил этади.
Амалдаги тартибга кўра, электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий юридик шахслар ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай солиқ ҳисоботларини тақдим этиши ва тегишли солиқларни тўлаши лозим. Бу талаб Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 281-моддасида белгиланган.
Хорижий рақамли платформалар ва электрон хизмат кўрсатувчи компаниялар фаолиятини солиққа тортиш тизимининг такомиллашиб бориши рақамли иқтисодиётда шаффофликни таъминлаш, солиқ мажбуриятларини бажариш ва давлат бюджети даромадларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА