Хорижда ота-она қарамоғисиз қолган 11 нафар вояга етмаган бола Ватанга қайтарилди
Хорижий давлатларда ота-она қарамоғисиз қолган вояга етмаганларни Ватанга қайтариш бўйича амалга оширилаётган ишлар доирасида ўтган ҳафта давомида 11 нафар бола Ўзбекистонга олиб келинди.
Жумладан, уларнинг 9 нафари Россия Федерациясидан, 2 нафари эса Қозоғистон Республикасидан Ватанга қайтарилди.
Болаларни юртимизга олиб келиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилди.
Жараёнда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили — Болалар омбудсмани ҳамда тегишли хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилинди.
Ватанга қайтарилган болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни оилавий муҳитга қайтариш ҳамда зарур ижтимоий хизмат ва ёрдамлар билан қамраб олиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Бу жараёнда боланинг хавфсизлиги ва манфаатлари устувор аҳамият касб этади. Шу боис ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганилиб, боланинг оиласи ва яшаш шароити инобатга олинган ҳолда кейинги чоралар белгиланади.
Ватанга қайтарилган болаларнинг кейинги ҳолати, уларнинг оилага мослашуви ва ижтимоий муҳитга қайтиши яшаш манзили бўйича «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан ижтимоий ҳамроҳлик асосида кузатиб борилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА