Хорижда етиштирилган гўшт дастурхонимизга қандай қилиб арзон нархда етиб келади?
Чорвачилик халқимиз рўзғорнинг баракаси, дастурхонимиз тўкинлигининг асоси саналади. Кейинги йилларда юртимизда гўшт ва сут маҳсулотларини кўпайтириш, бозорларда нарх-навони барқарор ушлаб туриш учун тизимли ишлар қилинмоқда.
Чорвачилик кластерлари ташкил этилиб, четдан зотдор моллар олиб келиняпти ва бу ўз натижасини бермоқда. Бироқ, аҳоли сони йил сайин кўпайиб бораётган бир пайтда, иқлим ўзгариши, сув етишмовчилиги ва яйловларнинг камайиши ем-хашак етиштиришни қийинлашаётгани ҳам ҳақиқат. Бу эса бозорларимизни арзон гўшт билан таъминлаш учун анъанавий йўллардан ташқари, янги ва узоқни кўзлаган ечимларни излашни талаб қилмоқда.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг ўринбосари Фахриддин Бобоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Татаристонга сафар қилди. Бу ташрифни ана шундай амалий ва янгича ечимлардан бири сифатида кўриш мумкин. Сафар чоғида Татаристон Бош вазирининг ўринбосари — Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири Марат Зяббаров билан учрашув ўтказилди.

Бу мулоқот икки давлат чорвадорлари учун катта имкониятлар эшигини очади. Унда ўзбек тадбиркорлари иштирокида Татаристон ҳудудида йирик қорамолчилик комплексларини ташкил этиш, юртимизга гўшт йўналишидаги молларни олиб келишни кўпайтириш ҳамда сут берадиган наслдор сигирларни парваришлашда яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Бу каби ташрифлар замирида жуда оддий ва халқона иқтисодий ҳисоб-китоб ётибди. Татаристонда табиий шароит чорвачилик учун жуда қулай. Яйловлар кенг, сув мўл. Энг асосийси, у ерда чорва учун ем-хашак, дон ва силос етиштириш анча арзонга тушади. Ем арзон бўлди дегани эса у ерда боқиладиган молнинг, демакки, гўштнинг таннархи ҳам паст бўлади деганидир. Ўзбек тадбиркорлари ўзлари хорижда етиштирган ушбу гўшт ва сут маҳсулотларини ҳеч қандай воситачиларсиз, тўғридан-тўғри Ўзбекистон бозорларига олиб келиши мумкин. Бу каби чора тадбирлар юртимиздаги гўшт нархига маълум даражада таъсир қилади.

Бу мулоқотнинг яна бир муҳим томони шуки, унда тажриба алмашилади. Мутахассисларимиз Татаристоннинг йирик чорвачилик комплексларини бошқариш, зотдор молларни тўғри парваришлаш, сифатли озуқа базасини яратиш ва сут ишлаб чиқаришни кўпайтириш тажрибасини жойида ўрганишади. Айниқса, у ерда соҳани рақамлаштириш, яъни “ақлли ферма” тизимлари ва автоматлаштирилган ускуналардан фойдаланиш жиҳатлар катта аҳамиятга эга.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири