Хоразмлик талабалар учун спорт мусобақалари бошланди
Хоразмда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2026 йилги мавсумига старт берилди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросими республика миқёсида марказлашган ҳолда ташкил этилиб, унда Хоразм вилоятидаги олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда спорт соҳаси мутасаддилари Урганч давлат университети спорт майдонида жам бўлдилар.

Маросимда онлайн тарзда қатнашган олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда соҳа мутасаддилари сўзга чиқиб, олимпиаданинг ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оммавий спортни ривожлантириш ва талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишдаги аҳамиятини таъкидладилар.

2026 йилги “Беш ташаббус олимпиадаси” талаба-ёшлар ўртасида мини-футбол, стол тенниси, волейбол, енгил атлетика ва стритбол спорт турлари бўйича ўтказилади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири