Хоразмда V "Устозлар миллий форуми" ўтказилди
Урганч шаҳрида “Сифатли таълим – Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори” шиори остида V “Устозлар миллий форуми”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Зарипов сўзга чиқиб, ушбу форум таълим сифатини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва педагоглар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
[gallery-31048]
Форумнинг 11 та шўъба йўналиши бўйича ташкил этилган амалий машғулотларда 330 нафарга яқин хоразмлик педагог иштирок этиб, замонавий таълим тенденциялари, илғор педагогик ёндашувлар ва самарали методикалар бўйича билим ва кўникмаларини бойитди.
Машғулотлар жараёнида устозлар ўзаро тажриба алмашиб, илғор амалиётларни ўрганиш, янги методларни синовдан ўтказиш ҳамда таълим сифатини оширишга хизмат қиладиган самарали ечимларни муҳокама қилди.
– Форумда иштирок этганимдан жуда мамнунман. Барча йўналишларда ташкил этилган амалий машғулотлар биз учун ҳақиқий тажриба майдонига айланди. Машғулотлар давомида замонавий таълим тенденциялари ва илғор педагогик ёндашувлар билан яқиндан танишдик. Айниқса, дарс жараёнида қўллаш мумкин бўлган самарали методикалар бўйича олган билим ва кўникмаларимиз келгуси фаолиятимизда ўқувчиларга янада сифатли таълим беришда жуда қўл келади, – деди хивалик педагог Индира Ибрагимова.
Форумда фаол қатнашган педагогларни сертификат билан тақдирлаш уларнинг касбий ривожланишга бўлган интилиши ва таълим сифатини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларига муносиб эътироф бўлди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари