Хоразмда талабга жавоб бермайдиган арматура аниқланди
Бино ва иншоотлар мустаҳкамлиги, пировардида эса инсонлар хавфсизлиги қурилиш материалларининг сифатига бевосита боғлиқ.
Шу боис, бозорларимизга кириб келаётган ва савдога чиқарилаётган маҳсулотларнинг стандартларга мувофиқлиги доимий назоратни талаб этади. Яқинда ўтказилган навбатдаги текширувлар эса қурилиш бозорларидаги жиддий муаммони юзага чиқарди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Хоразм вилояти бўлими мутахассислари томонидан Урганч шаҳридаги савдо дўконларида навбатдаги назорат хариди тадбирлари ўтказилди.

Назорат тадбирлари жараёнида Эрон Ислом Республикасининг "Khorasan Steel Company"(КSCCО) корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган, диаметри 14 мм. бўлган А400 русумли арматура маҳсулотидан белгиланган тартибда намуналар олинди.
Олинган намуналар махсус лаборатория синовларидан ўтказилганда, ачинарли ҳолат аён бўлди. Кимёвий таҳлиллар натижасига кўра, арматуранинг таркибидаги углерод (C) миқдори амалдаги давлат стандартларида белгиланган талабларга мутлақо жавоб бермаслиги аниқланди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, қурилиш арматурасида углерод миқдорининг меъёрдан оғиши металлнинг қайишқоқлиги ва пайвандланиш хусусиятига жиддий путур етказади. Бу эса бино каркасининг мустаҳкамлигига тўғридан-тўғри хавф туғдиради.
Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикасининг "Стандартлаштириш тўғрисида"ги қонуни талабларини қўпол равишда бузиш деб баҳоланди.
Инспекция томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сифатсиз маҳсулотнинг қурилиш объектларига кириб боришининг олдини олиш мақсадида савдо дўконига нисбатан қатъий чоралар кўрилди.
Хусусан, ушбу бренд остидаги сифатсиз арматура партиясини зудлик билан савдодан чиқариш ҳамда белгиланган тартибда утилизация қилиш бўйича мажбурий тақдимнома киритилди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА