Хоразмда стритбол бўйича мусобақа якунланди
Урганч шаҳрида «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида стритбол бўйича республика финал босқичи ўтказилиб, мусобақанинг икки ёш тоифасида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.
Уч кун давомида Урганч олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб ўтган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 140 нафар ёш спортчи ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Стритбол майдонларидаги қизғин рақобатлар давомида иштирокчилар нафақат жисмоний тайёргарлиги, балки тез қарор қабул қилиш ва жамоавий ҳаракатлардаги маҳоратини ҳам намойиш этди.
Якунда 16–21 ёш тоифасида Самарқанд вилояти жамоаси энг яхши натижани қайд этиб, республика финали ғолиблигини қўлга киритди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти вакиллари кейинги ўринларни эгаллади.
22–30 ёшли иштирокчилар ўртасида эса Тошкент шаҳри жамоаси тенгсиз бўлди. Хоразм вилояти иккинчи, Самарқанд вилояти учинчи ўриндан жой олди.
Мусобақани спорт вазири ўринбосари Авазжон Каримов, Спорт вазирлигининг оммавий спортни ривожлантириш бўлими бошлиғи Шерзод Олимов ҳамда Хоразм вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Нодира Жуманиязова кузатиб борди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларга диплом, медаль, қимматбаҳо ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА