Хоразмда олий таълим муассасаларига кириш учун давлат тест имтиҳонлари бошланди
Бугун, 14 июль куни мамлакатимиз бўйлаб 2026-2027 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш тест синовларига старт берилди. Хоразм вилоятининг иккита ҳудудида, жумладан, Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг Хоразм бўлими биносида олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовлари бўлиб ўтмоқда.
Мазкур иккита ҳудудда ҳам тест синовлари жараёнлари тартибли ва хавфсиз ўтиши учун тегишли идора ва муассасаларнинг малакали ходимлари бириктирилган бўлиб, абитуриентларнинг кириш-чиқишидаги қулайлик, уларнинг саломатлиги, интизоми ва шахсий хавфсизлиги масалалари назоратга олинган.
[gallery-30406]
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетига 2026-2027 ўқув йили учун жами 5 минг 931 нафар бакалавр ва магистрни ўқишга қабул қилиш режалаштирилган. Айни кунларда университет жамоаси ўзига бириктирилган Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг Хоразм вилояти бўлими ҳудудида ўтказилаётган тест синовларида фаол иштирок этмоқда. Улар абитуриентларнинг имтиҳонга кириш ва чиқишида белгиланган тартибга риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, шахсий буюмларини хавфсиз жойларда сақлаш ишларига амалий кўмак бермоқда.
– Имтиҳон жараёнида иштирок этаётган абитуриентларга қулай шароит яратиш мақсадида маъмурият томонидан уларнинг шахсий буюмларини тест синовлари якунига қадар вақтинча сақлаш пункти ташкил этилди, – дейди УрДУ ахборот хизмати раҳбари Марҳабо Аҳмедова. – Мазкур жараёнда институт Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти координаторлари ва кўнгиллилари фаол иштирок этиб, абитуриентларга амалий ёрдам кўрсатмоқда ҳамда тартибли ва қулай муҳитни таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
Бугун тест синовларини муваффақиятли топшириб, талаба бўлиш ҳар бир абитуриентнинг олий мақсади. Бироқ, улар тенг рақобат муҳитида, эмин-эркин тарзда ўз билимларини намоён этишлари учун мана шунда қулай шароит яратиб бериш муҳимдир.
– Мен Шовот туманидан давлат тест имтиҳонларини топшириш учун келдим, – дейди абитуриент Муниса Ражабова. – Кимё ва биология йўналиши бўйича тестларни топширдим. Келгусида тиббиёт соҳасида таҳсил олмоқчиман. Ичкарида жуда яхши шароитлар яратилган. Тест жараёнларидан чалғитувчи бирорта ҳолатни сезмадим. Сув ва хона ҳарорати меъёрида. Ташкилотчи ва назоратчилар ҳам хушмуомала экан. Ўйлайманки, тестни яхши топширдим ва омадим келса шу йил талаба бўламан.
Тест жараёнларида ҳар бир ҳудудда фарзандларини қўллаб-қувватлаш мақсадида келган ота-оналар учун университет томонидан махсус кутиш жойлари ҳамда тест синовларини бевосита кузатиш имконини берувчи мониторлар ташкил этилган. Ушбу кутиш жойлари замонавий жиҳозланган, қулай ва салқин муҳитда жойлашган бўлиб, ота-оналар тест жараёнини жонли эфирда кузатиб бормоқда.
– Мен бу ерга ўғлим билан келдим, – дейди Феруза Раҳимова. – Ўғлим биология ва кимё фанларига қизиқади. Ҳозирда имтиҳонда тест жараёнларида ўтирибди ва мен уни кутиш залига ўрнатилган катта монитор орқали кузатяпман. Турмуш ўртоғим ва оиламиздагилар уйда ўтирган ҳолда махсус платформа орқали кузатишмоқда. Бу ерда жуда яхши шароитлар яратилган экан. Енгил овқатланиш, сув, чой, қаҳва ва салқин ичимликлар ичиш мумкин. Кўчада ҳаво ҳарорати жуда юқори. Лекин, бу ерда жуда яхши мўътадил, салқин шароит қилинган. Ўғлим ўтирган залда ҳам шундай шароит эканлигини билиб турибмиз.
Хоразм вилояти ҳудудида олий таълим муассасаларига кириш учун тест имтиҳонлари жорий йилнинг 23 июль санасига қадар давом этади.
Аҳмаджон Шокиров.
Беҳзод Саидов(сурат)
ЎзА мухбирлари